Линклар

Суднинг йигирма учинчи куни: Экспертлар хулосалари тингланди

  • Садриддин Ашур

Андижон воқеаларида иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 20 октябрь кунги мажлисида мазкур воқеалар давомида етказилган моддий зарарларга оид слайдлар, судланувчиларнинг тергов давомида воқеа жойидан олинган суратлари намойиш этилди.

Аввалги куни судда Андижон воқеалари натижасида автомашиналарга, биноларга етказилган моддий зарарлар юзасидан суд товаршунослик экспертизаси берган хулосалар эшитилган эди. 20 октябрь кунги мажлисда шу хулосаларга оид суратлар кўрсатилди. Суд раиси Бахтиёр Жамолов ҳар бир суратга доир баённома билан таништириб борди.

Баъзи суратларга оид баённомани ўқиб берар экан, Б.Жамолов уларда судланувчи Мўйдин Собировнинг 20 кишилик гуруҳлар амалга оширадиган ҳужумлар режасини бир неча марта муҳокама қилгани, ҳарбий қисм ва қамоқхонага ҳужумда қатнашгани, ҳарбий ҳаракатларни бошқариб турганини айтаётгани тасвирланганини таъкидлади.

Раислик қилувчининг айтишича, судланувчи Азизбек Юсупов Андижондаги террорчилик ҳаракатларини содир этиш мақсадида разведка гуруҳига раҳбарлик қилган. Андижондаги пикетларни назорат қилган.

Судланувчи, Қирғизистон фуқароси Лочинбек Имонқулов туширилган суратларда у бошқа шериклари билан Қирғизистондан қай йўл билан Ўзбекистонга ўтганини кўрсатаётган ҳолатлар бор эди. Хусусан, бу суратларда Л.Имонқулов Чўлпон кўчасида акрамийлар ҳарбийларга ўқ отгани, гаровга олинганларни орқасидан отиб ташлагани, бу отишмада ўзи ҳам қатнашгани, Қирғизистонга ўтиб кетаётганда қўлга олинганини айтаётгани тасвирланган.

Раислик қилувчи 15 судланувчининг ҳар бирига оид суратларнинг баённомасини ўқиб эшиттирди.

Тушдан кейин Андижон воқеалари чоғида акрамийлар томонидан тасвирга олингани айтилган видеолавҳа намойиш этилди. Экспертлар гуруҳининг бу видеолавҳага оид хулосаси эшиттирилди.

Шунингдек, судда исломшунос олим Бахтиёр Бобожонов бошчилигидаги экспертлар гуруҳи томонидан Акрам Йўлдошевнинг “Иймонга йўл” рисоласи юзасидан берган хулосаси ҳам видеолавҳада намойиш этилди.

“Акрамийлар фаолияти нафақат Ўзбекистон қонунларига зид, уларнинг мамлакатнинг, ҳатто минтақанинг қолган диндорлари билан зиддиятларини алоҳида қайд этиш лозим. Улар зинҳор Андижон аҳолисининг, бутун Ўзбекистоннинг фикрини ифодаламайди. Акрамийлар ғоялари мамлакат ва Марказий Осиё диний арбоблари ва оддий фуқароларининг мутлақ кўпчилиги томонидан ўта салбий қабул қилинади”, - дейилади хулосада.
XS
SM
MD
LG