Линклар

logo-print

Суднинг йигирма тўртинчи куни: З.Алматов ва Қ.Парпиевнинг телефон суҳбати тингланди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий судида ўтказилаётган суд жараёнининг 21 октябрь кунги мажлисида ички ишлар вазири Зокир Алматов ва акрамийлар раҳбарларидан Қобил Парпиевнинг 13 май кунги телефон суҳбати эшиттирилди.




Суд раиси Бахтиёр Жамолов 13 май куни президент Ислом Каримов Андижонга боргани ва ҳокимлик биносини эгаллаб олганлар билан музокаралар ўтказиш чораларини кўрганини маълум қилди.

Эшиттирилган телефон суҳбатидан маълум бўлишича, З.Алматов қуролли гуруҳ озод этишни талаб қилган шахслар – Акрам Йўлдошев Тошкентда, Нодир Умаров эса Қаршида эканини билдирган. Вазир қуролли гуруҳга бу шахсларни топширишни, уларни автобус билан таъминлаб, чегарадан ўтказиб юборишга ваъда берган. У бу гапларни президент номидан гапираётганини айтган.

Андижон вилояти ҳокими Саъдулла Бегалиев Қ.Парпиевга президент уларнинг “бир туки ҳам тўкилмаслиги кераклиги” ҳақида буйруқ берганини айтган. Бунга жавобан Қ.Парпиев одамлари унга ҳукумат қўшинлари Андижонни ўраб олаётгани тўғрисида хабар берганини билдирган.

Яна телефон гўшагини олган З.Алматов Қ.Парпиевга берган ваъдаларининг устидан чиқишини уқтиргандан кейин у бу шартларга кўнганини билдирган. Қ.Парпиев ёнида шаҳар прокурори, МХХ ходимларидан анча-мунчаси борлигини қўшимча қилган.

Судда шахси номаълум кишининг Қ.Парпиевга гўёки Афғонистондан қилган қўнғироғи ҳам эшиттирилди. “Чегарада кучлар етарли, иншоолоҳ. Тайёр туринглар, ҳеч қанақа музокарага ишонманглар”, - дейди номаълум овоз Қ.Парпиевга.

Қуролли гуруҳнинг А.Йўлдошев ва Н.Умаровни олиб келиш талаби қанчалик бажарилгани ҳозиргача маълум эмас.

З.Алматов кейинги қўнғироқда акрамийларга гаровдагиларни олиб, қуроллари билан чегарадан чиқиб кетишга ижозат берганини маълум қилган. Бу ҳолатда вазирнинг гаплашиш оҳанги анча қатъиятлашгани сезилади.

“Ана автобус. Одамларни қуроллари билан чегарадан олиб чиқиб кетишга рухсат бор. Улардан агар биттасининг сочи тўкилса, йўлда бир нарса бўлса, унда биз жавоб берамиз. Ҳеч ким тегмайди. Хотин-бола-чақани ҳам олиб кетиш мумкин. Бошқа ҳеч қандай шарт қўйилиши мумкин эмас. Мен сизлар ким билан гаплашганларингни биламан. Сен ўшалар билан гаплаш, мен чегарадан ўтказиб юборай. Бошқа бирорта шартга кўнмаймиз”, - деган З.Алматов.

Қ.Парпиев гаплашиб кўришини маълум қилган. Навбатдаги қўнғироқда Қ.Парпиев келишилган шартлар бекор қилингани, гаплашган кишилари кўнмаганини айтган.

Кейинги қўнғироқда З.Алматов бу ишлар натижаси ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирган, Қ.Парпиев эса нима бўлса бўлишини, кейинги учрашув Тошкентда бўлишини таъкидлаган.

Қ.Парпиевнинг нима сабабдан “нима бўлса бўлди” дегани, яна музокалар бўлган-бўлмагани судда аниқлаштирилмади. Адвокатлар ҳам бу ҳақда ҳеч нарса сўрамади.

Суднинг тушдан кейинги мажлисида тергов жараёнида олинган далилий ашёларга оид баённомалар ўқиб эшиттирилди. Андижон воқеаларида ўлганлардан барчасининг суратлари намойиш этилди. Улар олган жароҳатлар ҳақида маълумот берилди.

Шу билан суд тергови ниҳоясига етди. Қарийб бир ой давомида 300 га яқин гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатмалари тингланди. Тергов ишига оид видео ва фотолавҳалар намойиш этилди.

Суднинг навбатдаги мажлиси 26 октябрга белгиланди.
XS
SM
MD
LG