Линклар

Қозоғистонлик ўзбеклар ўз она тилини чет тили сифатида ўрганмоқда


Жанубий Қозоғистон вилоятида юз минглаб ўзбеклар яшайди, бу ерда 150 га яқин ўзбек мактаби бор. Аммо Қозоғистондаги олий ўқув юртларида бирорта ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ёки бўлими фаолият кўрсатмайди.

Жанубий Қозогистон педогогика университети профессори Ботир Норбоевнинг таъкидлашича, мамлакат олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти бўлимларини очиш шарт. Акс ҳолда мамлакатдаги ўзбеклар ўз она тили ва адабиётини ривожлантириш имкониятидан маҳрум бўлади. Яқинда қозоғистонлик бир гуруҳ зиёлилар фан ва таълим вазирига ёзган мактубида ўзбек тили ва адабиёти бўлимлари очиш зарурати ҳақида сўз юритган.

Б.Норбоев олий ўқув юртларида таълим олаётган қозоғистонлик ўзбек йигит-қизларига она тилиси чет тили сифатида ўтилаётганини билдирди.

Жанубий Қозоғистонда 150 га яқин мактабда ўзбек тили ўқитилади. Уларда 8 мингдан ортиқ ўқитувчи ишлайди. Аммо бу мактабларга кадрлар муаммоси мавжуд.

Вилоятдаги педагогика университети шарқ филологияси кафедраси мудири Муҳаммад Саидовнинг айтишича, ўзбек тили иккинчи ёки учинчи даражасига тушиб қолган бўлиб, бу фанга амалий машғулот учун соатлар ажратилган. Бу эса ўзбек талабаларининг назарий билим олиш имкониятини чеклаб қўйган.

“Икки чет тили (бири ўзбек тили) ўқитиладиган факультетларни битирган ўзбек ёшларининг ҳаммасига ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси дипломи бериляпти. Бу қалбакидир. Чунки қозоқ тили мутахассиси тайёрлаш учун тахминан 2-3 минг соат ажратилган бўлса, ўзбек тили мутахассисларига 400-500 соатдан ошмайди”, - деди М.Саидов.

Илгари Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти бўлимлари фаолият кўрсатган. Мамлакат мустақил бўлгач эса бу бўлимлар тугатилган.

Профессор Б.Норбоевнинг билдиришича, бундан бир неча йил аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари учрашувида Нурсултон Назарбоев Чимкентда ўзбек-қозоқ университети очилишини айтган. Ислом Каримов Тошкентда ҳам шундай олий ўқув юрти очишга ваъда берган. Гарчи Қозоғистон президенти гапининг устидан чиққан бўлса-да, Ўзбекистон раҳбари ваъдасини бажармаган.

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги ўзбек мактабларида дарс бераётган ўқитувчиларнинг аксарияти Ўзбекистондаги олий ўқув даргоҳларида таълим олган.

Б.Норбоев эндиликда қозоғистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистонда ўқиши анча мушкул эканини таъкидлади. Дунёнинг қайси давлатидан бўлсин бирорта қозоқ Қозоғистонга келиб, ҳатто давлат гранти асосида ўқиши мумкин. Ўзбекистонда эса хорижлик ўзбеклар фақат катта пул тўлабгина ўқишга киради.

Вилоятнинг Оқсувкент қишлоғилик Анортой Йўлдошев Ўзбекистонда ўқиб келганнинг фойдаси йўқлиги, чунки у ерда олинган диплом Қозоғистонда ўтмаслигини билдирди.

Сайрамлик Анвар Муҳаммедов ўзбеклар ўз фарзандларининг келажагидан хавотирда эканини таъкидлади. Чунки бу болалар ҳозир на ўзбек, на қозоқ бўлиб вояга етмоқда. Йиллар ўтиб, улар ўз она тилларини унутиши хавфи бор.

Ҳозир қозоғистонлик ўзбек зиёлиларидан бир гуруҳи мамлакатдаги педогогика ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти бўлимларини ташкил этишга ҳаракат қилмоқда. Улар бу ҳаракат ижобий натижа берса, ўзбек тили билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳал бўлишига ишоняпти.
XS
SM
MD
LG