Линклар

Суднинг йигирма иккинчи куни: Акрам Йўлдошев судга чақирилмайди.

  • Садриддин Ашур

Қамоқхонадан туриб Андижон воқеалари иштирокчиларига телефон орқали кўрсатмалар бериб турганликда айбланган, акрамийларнинг йўлбошчиси экани эътироф этилаётган Акрам Йўлдошев судга чақирилмайди.

Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган шахслар устидан Тошкентда ўтказилаётган суд жараёнининг 19 октябрь кунги мажлисида судланувчи Мўйдин Собировнинг бу борадаги талаби натижаси шундай бўлди.

“Бизнинг раҳнамомиз Акрам Йўлдошев ҳозир Тошкентда, қамоқхонада. Мен А.Йўлдошев олдимизга келиб, барча қилган гуноҳларига жавоб беришини, буни Ўзбекистон халқи кўришини, у чет элга чиқиб кетган акрамийлар ва бошқаларни юртга қайтишга чақиришини талаб қиламан”, - деди Андижон воқеаларида акрамийлар гуруҳларига ҳарбий қўмондонлик қилганини тан олган М.Собиров.

Судга раислик қилаётган Бахтиёр Жамолов бу талабга жавобан: “Биз уни судга чақириш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилганмиз. Вазирлик А.Йўлдошев силнинг очиқ тури билан оғригани учун очиқ жойда кўрсатма бериши мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборди. Буни экспертиза ҳам тасдиқлади”, - деди.

Судья бу масалада айблов ва ҳимоя томонининг фикрини сўради. Давлат айбловчиси Анвар Набиев А.Йўлдошевнинг бу аҳволда суд залига чақирилишини жамоатчилик учун хавфли ҳисоблади ва унинг дастлабки тергов вақтида берган сўроғи видеотасвирини намойиш этиш билан чекланишни тавсия қилди.

“Биз айбловнинг фикрини қўллаб-қувватлаймиз”, - деди якдиллик билан ҳимоя томони.

Судга кела олмаган гувоҳларнинг дастлабки терговда берган сўроқ баённомасини ўқиб эшиттириш таклифи ҳам томонлар томонидан тўла маъқулланди.

Шундан кейин суд раиси 1,5 соат ичида юзга яқин гувоҳ, жабрланувчи, уларнинг вакиллари ва фуқаровий даъвогарларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмаларини ўқиб берди. Шу пайтгача эса судда 300 га яқин кишининг гувоҳлиги тингланганди.

Тушдан сўнг А.Йўлдошевнинг дастлабки терговда берган кўрсатмалари видеотасвири судда намойиш этилди.





1963 йилда Андижон шаҳрида туғилган Акром Йўлдошевнинг айтишича, у дастлаб 1998 йилда 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Амнистия бўйича озодликка чиққандан сўнг иккинчи марта 1999 йилда 17 йилга қамалган. Жазони ўташ муассасаларида сил касалига чалинган. 2003 йил октябрда Тошкентдаги жазони ўташ муассасаларининг умумий шифохонаси бўлган 64/18-қамоқхонага келтирилган.

Гувоҳлик берувчининг сўзларига кўра, 2004 йилда акрамийларга қарашли 11 корхона ёпилиб, уларнинг раҳбарлари ҳибсга олинганидан жиддий ташвиш билдирган. Суд жараёнидан хабардор бўлиб бориш учун жиянидан унга мобиль телефони киритиб беришни сўраган. Телефон киритиб берилгандан кейин Қобил Парпиевдан суд жараёнлари ҳақида маълумот олиб турган. Судланаётган акрамийлар суд ҳайъатига судга ёлғон гувоҳлик берганларни жавобгарликка тортиш, судга эксперт таклиф қилиб, “Иймонга йўл” китобининг экстремистик характерга эга ёки эга эмаслигини изоҳлаб бериш, уни ҳам (А.Йўлдошевни) судга чақириш талабларини қўйганини эшитган. Суд бу шартларни рад этгани, 23 акрамий очлик эълон қилганидан хабардор бўлган.

“Шундан кейин мен йигитларнинг 20 кишилик гуруҳлари тузиш, ҳар бирини автомобиль, мобиль телефон ва тўппонча билан таъминлаш, агар судланаётганлар қамалса, уларни озод этиб, Қирғизистонга ўтиб кетиш вазифасини юкладим”, - деди А.Йўлдошев.

А.Йўлдошев Андижон туманининг Оқёр қишлоғида акрамийлар ва милиция ходимлари ўртасидаги жиддий жанжалдан сўнг жиҳод бошлашга фатво берганини таъкидлади.

Терговчининг акрамийлик оқимининг асл мақсади ҳақидаги саволига А.Йўлдошев: “Асл мақсад инсоннинг ҳар бир муносабатида Аллоҳ рози бўлган энг гўзал ҳаётни кўрсатишдир”, - дея жавоб қайтарди.

Унинг гувоҳлик беришича, дастлабки вазифа 23 акрамийни озод қилиб, чиқиб кетиш бўлган. Агар халқ қувватлаб турса ва ҳокимият қўлга олинса, Андижоннинг ўзида қолавериш ҳам режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG