Линклар

logo-print

“Серқуёш Ўзбекистоним” раҳбарсиз қолди

  • Садриддин Ашур

23 октябрь куни йўқолиб қолгани маълум қилинган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасида сақланмоқда.

Коалиция мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятованинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари “Серқуёш Ўзбекистоним” ташкилотига қарши очиқ кураш бошлаган. Коалиция аъзолари, энг аввало, С.Умаровнинг хавфсизлигидан ташвиш билдирмоқда.

“Ўтган шанбада менинг офисимда ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қирққа яқини тинтув ўтказди. Улардан бири менга С.Умаров ҳибсга олиниши ва жисмонан йўқ қилиш учун унга нисбатан психотроп моддалар қўлланишини айтди”, - деди Н.Ҳидоятова.



Нодира Ҳидоятова


Н.Ҳидоятова бу ҳолатдан ташвишланиб, Ўзбекистон Бош прокурори номига ариза йўллаганини, унда Санжар Умаровнинг соғлиғи хавф остида экани ва унинг халқаро тиббий комиссия томонидан текширилишига ижозат берилишини сўраганини маълум қилди.



Санжар Умаров


Н.Ҳидоятованинг сўзларига қараганда, унга қарашли “Буюк сиймолар” компанияси офиси тинтув қилиниб, С.Умаровга қарши далиллар топишга уринилган.

“Ёлғиз ўзим идорада 40 эркакнинг қуршовида 9 соат вақт ўтказдим. Кечқурун соат 19 дан тонгги соат 4 гача. Табиийки, улар ухлади, турди, юрди, чойхўрлик қилди. Эшик эса қулфланган бўлиб, яқинларимдан бирортасига офисга киришга ижозат берилмади”, - деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова шанба куни кечаси С.Умаров тинтув қилинаётган идорага келгани ва шундан сўнг ғойиб бўлганини, эртаси куни у қамоққа олингани ва шаҳар ИИББда сақланаётгани аниқ бўлганини билдирди.

Н.Ҳидоятованинг таъкидлашича, С.Умаровга Жиноят кодексининг 167 моддаси 3-қисми бўйича (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) айб қўйилган.

“Биринчидан, С.Умаровнинг Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти бўлмаган, иккинчидан, унинг ҳисоб рақами ҳам йўқ бўлиб, у ҳеч қандай юридик ҳужжатларга имзо чекмаган. Ўзбекистонда ишламайдиган одам қандай қилиб иқтисодий жиноят бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин”, - дея таажуб билдирди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова Санжар Умаровнинг ҳибсга олиниши, энг аввало, унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқлигини таъкидлади.

С.Умаровнинг ҳибсга олиниши масаласида Бош прокуратурадан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

“Франс пресс” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Бош прокуратура матбуот хизмати вакили С.Умаровнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган ва у қонун билан жазоланиши керак бўлган жиноий ҳаракатларга аралашгани учун ҳибсга олинганини билдирган.



Санжар Умаров
XS
SM
MD
LG