Линклар

Сайрам ўзбекнинг кўп сирини бағрида сақламоқда


Жанубий Қозоғистондаги Сайрам қишлоғи том маънода ўзбеклар қишлоғи ҳисобланади. Қирқ мингга яқин ўзбек яшайдиган бу қишлоқда улар аҳолининг 95 фоизини ташкил этади.

Сайрамлик тарихчи-археолог Мираҳмад Мирхолдоровнинг сўзларига кўра, гарчи қишлоқ ёши 3000 йил дейилса-да, аслида унинг тарихи бунданда узоқроққа бориб тақалади. “Рисолаи Сайрам” асарида қишлоқни Идрис пайғамбар бунёд этгани айтилади. Бу пайғамбарнинг тарихи эса 7 минг йилдан ошади. Баҳодирхон Абулғозийнинг “Шажараи тарокима” китобида эса 5 минг илгари подшоҳлар Сайрамга эгалик қилиш учун урушгани ёзилган.

Тарихчининг айтишича, Сайрам тарихини ўрганиш учун сўнгги 100 йил давомида бирорта археологик қазишма ишлари олиб борилмаган. Шунинг учун тасодифан топилган манбаларга асосланиб, қишлоқ 3 минг йиллик тарихга эгалиги айтиляпти.

“Қоҳирада 400 йилдан бери, Форобийнинг юрти Ўтрорда 37 йилдан буён қазишма ишлари олиб бориляпти. Сайрамга ҳам навбат келади, деб худодан сўраб ўтирибмиз”, - деди М.Мирхолдоров.

Манбаларга кўра, Сайрам шу пайтгача 10 та ном билан аталган. Дастлаб Сарём, яъни “биринчи шаҳар” номи билан юритилган. Ўрта асрларда яшаб ўтган жаҳондаги кўплаб олимлар ўз асарларида Сайрамни тилга олган. Тарихий манбаларда Сайрам азиз авлиёлар юрти сифатида эътироф этилади. Бу ерда шу пайтгача 84 авлиёнинг қабри аниқланган. Хусусан, шайхул машойих Хўжа Аҳмад Яссавий шу ерда туғилган. Унинг отаси шайх Иброҳим, онаси Қорасочнинг қабри мубораклари Сайрамда жойлашган.

Қозоғистонлик ўзбек зиёлилари Сайрамда археологик қазишмалар олиб борилишини зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бу ердан ўзбек миллати тарихига тааллуқли кўплаб янги далиллар топилиши мумкин.

“Ишончимиз комил, бу кўҳна замин жуда кўп нарсаларни бағрида сақламоқда. Хусусан, қазишма ўтказиб, Сайрамнинг қирқ дарвозаси ўрнини топишимиз керак”, - дейди М.Мирхолдоров.

Қазишма ишлари маблағ йўқлиги боис, пайсалга солинмоқда. Мутасадди ташкилотлар эса яқин орада бу масала ҳал бўлиши мумкинлигини билдиряпти.

Сайрам қишлоғи ҳокими ўринбосари Каримжон Пўлатбоевнинг маълум қилишича, қишлоққа шаҳар мақоми берилиши мумкин. Сайрам тумани мутасаддилари бу ҳақдаги таклифни вилоят раҳбариятига жўнатган.
XS
SM
MD
LG