Линклар

logo-print

Олий суддаги жараён таҳлили (1-қисм)


Шайбон Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан 20 сентябрь куни бошланган суд жараёнидаги энг долзарб палла 21 сентябрь куни бошланди, дейиш мумкин. Айнан шу кундан айбланувчилар кўрсатмасини тинглаш бошланди.

Эслатиб ўтиш жоиз, судланувчилар Жиноят кодексининг 30 дан ортиқ моддаси бўйича, жумладан, террорчилик, қўпорувчилик, қотиллик, уюшган жиноий гуруҳлар тузиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, гаровга олиш каби жиноятларни содир этишда айбланмоқда. Айбланувчилар курсисида Мўйдин Собиров, Фарҳод Ҳамидов, Аваз Турғунов, Таваккалбек Ҳожиев, Алишер Ҳакимов, Ғулом Нодиров, Азизбек Юсупов, Абдубоис Ибрагимов, Муҳаммадшокир Ортиқов, Илҳом Ҳожиев, Валижон Эргашев, Лочинбек Имонқулов, Жаҳонгир Бурхонов, Ҳусан Туропов, Абдулҳофиз Ғозиев ўтирибди. Уларнинг уч нафари Қирғизистон фуқаросидир.

Судланувчилар ўз кўрсатмаларида барча нарсаларни ипидан игнасигача, саналар ва рақамларни ҳам унутмасдан, аниқ гапириб бергани кўпчиликка маълум. Буни бемалол уларнинг қувваи ҳофизаси кучлилигача, ўта зукколигига йўйиш мумкин. Лекин бундай хулосалар бирмунча шошилинч чиқарилгани кейинчалик маълум бўлди...

Айбланувчилар 13 май кунги воқеалар тафсилотига батафсил тўхталди. Айниқса, Андижоннинг Сой маҳалласида рўй берган воқеалар шунчалик батафсилки...

Судланувчилардан бирининг сўзларига қараганда, майдондан юриш қилган оломон гаровдагиларни олдинга қўйиб, Сой маҳалласига етиб келганида йўлда иккита автобус турганини кўрган. Автобуслар олдидан ўтилгандан кейин Қобил Парпиевнинг буйруғи билан олдинда турган БТРга қаратиб отиш бошланган. Қуролли кишилар гаровдагиларга қарата ҳам ўқ отган.

Расмий версияга кўра, автобуслар бўш бўлган. Афтидан автобуслар қуролли шахсларнинг гаровдагилар билан бирга шаҳардан чиқиб кетиши учун олиб келинган. Лекин, судланувчининг айтишича, ҳеч ким автобусга чиқмаган. Аксинча, автобуслардан ўтилиб, йўлда давом этилган.

Яна бир судланувчи қуролли кишилар икки гуруҳ бўлгани, биринчи гуруҳ гаровдагилар билан юз метр олдинда юргани, кейинги гуруҳ эса оломонни ўртага олган ҳолда Сой томон юришни бошлаганини айтди. Унинг кўрсатмасига кўра, Чўлпон кинотеатри олдига етганда биринчи гуруҳ кетаётган жйодан қаттиқ отишма овози эшитилган. Ким кимни отаётганини билиб бўлмаган. Орқадаги гуруҳдагилар ҳам ўша томонга ўқ ота бошлаган.

Судланувчи орқадан келган ўқдан яраланиб, ётиб қолган. Олд томонида бирорта аскарни кўрмаган.

Яъни судланувчи аскарлар эмас, ўз биродарлари бир-бирига отганини айтиб, буни кўпчилик қуролли кишилар ҳарбий хизматда бўлмагани билан изоҳлади.

Навбатдаги судланувчи Сойда Қобил Парпиев гўёки аскарлар бегуноҳ кишиларни отиб ташлаганини кўрсатиш учун шундай буйруқ бергани ва бу ҳолатни хорижлик журналистлар билан биргаликда тасвирга олиб, тарқатиш мақсади бўлганини таъкидлади.

Демак, унинг гапларига эътибор қаратилса, Сойдаги отишма тўсатдан, биродарлар қурол ишлатишни билмаганликлари ёки олдинда БТР пайдо бўлиб қолгани учун эмас, аксинча, чет эллик журналистлар учун отишмани кўрсатиб бериш ва гаровдагиларни қириб, қочиб қолиш учун уюштирилган.

Хуллас, уч судланувчи бир ҳолатни уч хил тасвирлаяпти. Кўрсатмаларда эса бундай фарқлар анчагина бўлди.

Қизиғи шундаки, ҳокимлик биносига ва бошқа объектларга ҳужум қилган шахслар Қирғизистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани судланувчилар томонидан тан олинган, давлат айбловчиси ҳам айблов хулосасида бу ҳолатни тилга олганди. Лекин Сойдаги отишма ҳақида гап кетганда улар кўпчилик қурол ишлатишни билмагани (!!!) учун бир-бирини отиб қўйганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG