Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:22

Олий суддаги жараён таҳлили (3-қисм)


Шайбон Суд жараёнида адвокатлар ва давлат айбловчиларининг ҳам иштирокига тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, уларнинг суддаги хатти-ҳаракати, тутган позицияси судланувчилар учун жуда катта аҳамият касб этади.

Олий судда ўтаётган жараёнда адвокатлар фаолиятига турлича баҳо бериш мумкин. Масалан, адвокатлардан бирининг ўз ҳимоясидаги шахсга саволига эътибор беринг: “Акрамийлар оқимининг баъзи аъзолари четларда қолиб кетганини айтяпсиз. Уларга нисбатан нима деган бўла олардингиз? Шу йўл тўғримикин?”

Бу саволи билан адвокат нима мақсадни кўзлагани унинг ўзига аён. Навбатдаги адвокатнинг жабрланувчига саволига аҳамият қаратинг: “Суд жараёнида судланувчилар ўз айбларига иқрор ва пушаймонлик билдирди. Судланувчиларнинг кўпчилиги Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Улар ўз қилмишдан пушаймон бўлиб, кечирим сўраяпти. Уларни кечириш мумкинми?”

Бу ўринда балки адвокат ўз ҳимоясидаги шахс учун аф сўраётгандир, балки бу суд қоидаларига мос келувчи ҳолатдир?!

“Ўз қилган жиноятларингизни президентимиз, халқимиз олдида қандай изоҳлаб берасиз”, - дея ўз ҳимоясидаги шахсга савол берган адвокатни қандай тушуниш мумкин? Зеро, у мижозини айбига тўла иқрор бўлишга ва кечирим сўрашга ундаётганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ҳимоячининг суддаги ролини яхши тушунадиганларда адвокатларнинг бу каби саволлари сал бошқача фикрлар уйғотса, ажаб эмас.

Албатта, суд жараёнида сал ўктамроқ саволлар билан мижозларга қарши берилаётган кўрсатмаларни шубҳа остига олишга уринган адвокатлар ҳам бўлди.

Қўл-оёғи боғланган, ҳушдан кетган ҳолда чуқур ариққа ташлаб юборилгани, лекин омон қолганини айтган гувоҳга саволлар берган адвокатнинг ҳаракатини шундай изоҳлаш мумкин.

“Ариқ сирғанчиқ бўлади. Қўл-оёғингиз боғлиқ бўлса, қандай қилиб ташқарига чиқиб олдингиз”, - деб савол берган эди адвокат гувоҳга.

Суд давомида адвокат билан прокурор ўртасида енгил тортишув ҳам бўлди.

“Жангарилар сизни урмабди, жароҳатни ҳам машина тўхтаганда олибсиз. Сизни гаровга ҳам олишмай, ташлаб кетишибди. Буни нима деб ўйлайсиз”, - дея савол берди адвокат ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бирига.

Айбловчи бу савол йўналтирувчи савол экани, уни олиб ташлаш кераклигини айтиб, раислик қилувчига эътироз билдирди.

Энди худди шу айбловчининг гувоҳга бераётган саволга эътибор қаратинг: “Милиция батальонига ҳужум қилиб, ўша ердан 334 қурол оляпти. Тушуняпсизми? Бундан ташқари, тайёргарлик кўриш жараёнида 24 та қурол сотиб олиняпти. Аёл киши ва болаларингиз бўлгани учун сиз саросимада ким қайси томондан отганини тушунмаяпсиз. 350 та қурол отилганида нима бўлишини биласизми? Сиз қандай қилиб ҳарбий отди, деб аниқ айтишингиз мумкин?”

Прокурорнинг бу гапларида савол оҳанги кўпроқми ёки йўналтириш, хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

“Ўша қуроллар отилгани жараёнда аниқ бўляпти. Сиз эса ҳарбий отганини гапиряпсиз. Нима, сиз ўзингиз ҳарбиймисиз”, - дея дағдаға оҳангида гўёки саволини давом эттирди прокурор.

Бу саволлар Олий судда Андижон воқеалари бўйича энг шов-шувли кўрсатма берган гувоҳ Маҳбуба Зокировага қаратилган эди. Саволлар нега бундай йўналишда ва оҳангда бўлгани эса изоҳ талаб қилмаса керак!!!
XS
SM
MD
LG