Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:18

Муаммолар камаяётгани йўқ


Шайбон

“Одил сўз” сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш халқаро ташкилоти Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолияти билан муаммолар юзасидан ўтказаётган мониторингининг сентябрь ойи натижаларини эълон қилди.

Мониторингда айтилишича, “Сирдарё ҳақиқати” ва “Сирдарьинская правда” газеталари жамоаси жорий йилнинг июнь ойидан буён ойлик маошларини ололмаяпти. Бунга таҳририят ғазнасида маблағ қолмагани сабаб бўляпти. Айни моддий қийинчиликлар туфайли таҳририятнинг телефонлари узиб қўйилган. Ваҳоланки, газета муассиси вилоят ҳокимлиги ҳисобланади.

Шу каби муаммога “Молодёжь Узбекистана” газетаси ҳам йўлиққан. Мониторингда бунинг натижада газетанинг айрим сонлари чоп этилмаётгани, таҳририят ходимлари эса ойлик маошларини ололмай сарсон экани ёзилади. Бу газета Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ҳаракати муассислигида чоп этилади.

Мониторингда жойлардаги адлия бошқармалари кўрсатмаси билан бир қанча нодавлат ташкилотлар, жумладан, Бухородаги “Репортёр” ҳамда Навоийдаги “Мувозанат” журналистлар клубларининг ёпилгани келтирилган. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, гарчи ҳужжатларда бу ташкилотлар ўз таъсисчилари қарори билан тугатилгани айтилган бўлса-да, аслида уларнинг ёпилишида адлия бошқармаларининг бевосита иштироки бор.

Мониторингда, шунингдек, Мустақиллик байрами арафасида Жиззахдаги вилоят нашрлари журналистлари шодиёналар ўтказиладиган жойга боргани, аммо у ерда фаолият олиб боришга рухсат берилмай, қайтариб юборилгани ҳолати келтирилади. Унда ёзилишича, журналистларнинг касбий фаолиятини амалга оширишига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тақиқлари тўсқинлик қилган.
XS
SM
MD
LG