Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:03

Сайлов арафасида мустақил нашрлар ва журналистлар ҳамлага учаяпти


Озодбек Қозоғистонда 4 декабрь куни ўтказиладиган президент сайлови арафасида мамлакатдаги мустақил ва мухолифатдаги газеталарга тазйиқлар янада кучайиб боряпти.

Кузатувчиларнинг фикрича, сайловда қатнашаётган демократик кучларга хайрихоҳ бўлган мустақил журналистлар ва нашрларнинг шаштини қайтариш мақсадида уларга шундай муносабатда бўлинмоқда.

Жанубий Қозоғистон педагогика университети профессори Ботир Норбоевнинг билдиришича, мухолифатдаги нашрларнинг аксарияти матбуот дўконларига чиқарилмаяпти. Уларнинг баъзилари президентликка номзод Жармахон Туяқбойнинг сайловолди штаби вакиллари орқали тарқатиляпти. Шунга қарамай, бу газеталарни тарқатиш осон кечаётгани йўқ. Чунки уни тарқатаётганлар ҳибсга олинмаса-да, оғзаки жиддий огоҳлантириляпти.

Профессорнинг таъкидлашича, Қозоғистонда мухолифатдаги нашрларни ўқийдиганларга нисбатан ҳукумат идораларида, жамоат жойларида салбий муносабат мавжуд. Шунинг учун ҳам бундай нашрларни одамлардан бекитиб ўқишга тўғри келади.

Шунга қарамай, Б.Норбоевнинг эътирофича, қўшни давлатлардагига қараганда Қозоғистонда матбуот нисбатан эркин. Яхшими-ёмонми, мухолифатдаги нашрлар фаолият юритмоқда.

“Қозоғистонни ярим демократия ҳукмрон давлат, деса бўлади. Мухолифатдаги нашрлар қаршиликка учраса ҳам чиқиб турибди”, - деди Б.Норбоев.

Шу ўринда Қозоғистонда матбуот эркинлигига раҳна солувчи ҳолатларнинг баъзиларига тўхталиш жоиз. 19 октябрь куни Олмаота шаҳрида “Свобода слова” газетасининг 50 минг нусхаси истеъмолчиларга тарқатиш учун босмахонадан олиб чиқиб кетилаётганда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушлаб қолинди. Худди шу куни “Адолатли Қозоғистон учун” демократик ҳаракати биносида мухолифатдаги нашрларнинг беш ходими номаълум сабабларга кўра ҳибсга олиниб, бир неча соатдан кейин қўйиб юборилди.

Олмаота шаҳрида “Азат” газетаси мухбири, таниқли публицист Казис Тоғузбоев ҳибсга олинди ва 5 кунлик қамоқ жазосига тортилди. Суднинг бу қароридан норози бўлган журналист озод этилгунга қадар очлик эълон қилди.
XS
SM
MD
LG