Линклар

Туркманистонда янги паспорт жорий қилинади

  • Ҳасанжон

Туркманистон ҳукумати чет элга борадиган фуқаролар учун янги паспорт жорий этилишини маълум қилди. Амалдаги паспортлар янгиси билан алмаштирилгунича эскирмайди. Туркманистон янги паспортининг ўзига хослиги шундан иборатки, унга паспорт эгасининг биометрик маълумотлари киритилади.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов душанба куни “Туркманистон фуқаролари учун янги кириш-чиқиш паспорти жорий этиш тартиби тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Маълумотларга кўра, биринчи янги паспорт Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовга берилади.

Айтилишича, Туркманистон янги паспорти халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Расмий маълумотларга кўра, унда паспорт эгасининг биометрик маълумотлари, дигитал фотосурати, бармоқ излари ҳамда шахс ҳақидаги машина ўқий оладиган бошқа маълумотлар ҳам ёзилган бўлади.

Туркманистон ҳукумати тарқатган баёнотга кўра, янги паспорт Ашхобод расмийлари томонидан терроризм, халқаро уюшган жиноятчилик ва ноқонуний миграцияга қарши олиб борилаётган кураш чоралари доирасида жорий этилади. Бундан ташқари, янги паспорт Туркманистон фуқароларининг бошқа давлатга эркин кириш ва чиқиши ҳамда уларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Янги паспорт жорий этиш учун зарурий жиҳозлар сотиб олиш ва керакли анкеталарни ишлаб чиқиш учун масъулият Хорижий фуқароларни рўйхатга олиш Туркманистон давлат қўмитаси зиммасига юклатилди.

Жереми Бинни Лондондаги “Jane’s Consultancy” гуруҳининг терроризм масалалари бўйича мутахассиси. Биннига кўра, биометрик ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган паспорт жорий этиш терроризм таҳдидини камайтиришдан кўра, кўпроқ террорчининг бир жойдан бошқа манзилга ҳаракатланишини қийинлаштиради:

“Бундай чора соҳта паспорт тайёрлашни қийинлаштиради. Террорчиликда гумон қилинган шахслар одатда дунё бўйлаб қалбаки паспорт билан хавфсизлик ходимларини четлаб ўтади. Бундай шахслар сохта паспорт билан қўлга олинганига кўплаб мисол келтириш мумкин. Аммо улар терроризмда эмас балки сохта паспорт билан юрганликда айбланади”, - дейди британиялик мутахассис Жереми Бенни.

Туркманистон ҳукуматининг янги паспорт жорий этиш сабаблари тўғрисидаги қарори кўпчиликни қониқтираётгани йўқ. Мутахассислар бу чора Туркманистон ҳукуматининг ўз фуқароларини қаттиқроқ назорат қилиш йўлидаги уриниши, деган фикрда. Шундайлардан бири Туркманистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси Нурмуҳаммад Ҳанамов:

“Менимча, Туркманистон янги паспорти жорий этилишининг бир сабаби бор. Ким юртдан ташқарига чиққан бўлса ёки икки давлат фуқароси бўлса, улар паспортсиз қолади. Мен буни Туркманистондан хорижга чиққан фуқароларнинг ўз юртига қайтмаслиги учун кўрилган чора деб ўйлайман”, – дейди Туркманистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси.

Мутахассисларига кўра, Туркманистонда фуқароларга бериладиган паспортда унинг амал қилиш муддати кўрсатилмайди. Бу эса, Туркманистон фуқароларининг чет элга борган заҳоти паспорт назорати ходимлари томонидан тўхтатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Нурмуҳаммад Ҳанамов, бу ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо эканини айтади:

“Мен Туркияда Туркманистон элчиси лавозимида ишлаганимда Тукманистон фуқаролари билан паспорт муаммолари юзага келарди. Ўшанда бизнинг элчихона Туркия томонига тушунтириш бериб, келишмовчиликни бартараф қилар эдик”, – дейди Туркманистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси.

Туркия фуқаролигини олган собиқ Туркманистон фуқароси Хўши Геклди Ҳанамов билдирган фикрларига қўшилишини айтади:

“Чет элларга борганимизда жуда кўп муаммо бўлган. Аксарият давлатлар консулхоналари Туркманистон паспортини тан олмайди. Улар бундай паспортни ҳеч қачон кўрмаганлари ва муддатсиз паспорт бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, Туркманистон паспортини қабул қилишмаган”, – дейди Туркманистон собиқ фуқароси Хўши Гелди.

Туркманистон янги паспортини амалга жорий қилиш учун қанча маблағ сарфлаши ҳозирча ошкор қилингани йўқ.
XS
SM
MD
LG