Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:08

Қозоғистонда ўзбек мигрантларига жуда қийин


Саида 25 октябрь куни Тошкентда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД лойиҳаси доирасида одам савдосига қарши кураш мавзуидаги анжуман иш бошлади.

Одам савдоси муаммоси Ўзбекистон учун ҳам катта муаммо бўлиб турибди. Бироқ жиноятнинг бу туридан жабр кўрганлар ёки бу ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

“Истиқболли авлод” маркази раҳбари Нодира Каримова одам савдосидан жабр кўрганларни юртига қайтариш юзасидан қилинаётган ишлар жабрланувчилар сони қанчалигидан далолат беради.

“Сўнгги икки йил давомида бизга 20 минг киши фақатгина маслаҳат олиш учун мурожаат қилган. Бундан ташқари, биз имкониятимиз доирасида 500 кишига аниқ ёрдам кўрсатдик”, - деди Н.Каримова.

Одам савдоси қурбонлари уларни алдаганлар устидан камдан-кам ҳолларда судга мурожаат қилади. Н.Каримова буни менталитетга боғлиқ ҳолат сифатида изоҳлади. Қолаверса, унинг айтишича, руҳий азоб-уқубатларни бошдан кечирган жабрдийдалар ортиқ тортишувлар учун ўзида сабр-тоқат топа олмайди. Ўтган давр мобайнида жабрдийдалардан 50 нафаригина бунга жазм қила олган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси халқаро ҳуқуқ бўлими ходимаси Надежда Маслованинг билдиришича, ўтган уч йил ичида 120 киши одам савдоси билан шуғалланиш айби билан жавобгарликка тортилган.

“2005 йил учун ҳозирча бирор бир статистик маълумот келтира олмайман. Аммо бу жиноят учун қамалаётганлар сони йилдан-йилга кўпайганини кузатиш мумкин. Агар 2002 йилда 10 киши шу жиноят учун қамалган бўлса, улар сони 2003 йилда 41 тага, 2004 йилга келиб эса 63 кишига кўпайган”, - деди Н.Маслова.

Одам савдоси муаммоси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини ҳам жиддий ташвишга солмоқда. Вазирлик консуллик бошқармасининг фуқароларга ҳуқуқий кўмак бериш бўлими раҳбари таъкидича, одам савдоси қурбонларига ўз юртига қайтиб келиш учун бепул сертификатлар бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Истиқболли авлод” маркази раҳбари Н.Каримованинг эътирофича, текин сертификат олиш масаласида ҳам муаммо бор. Айниқса, Россияда яшаётган мигрантлар учун бу муаммо жуда сезиларли.

“Бизнинг фаолиятимизда энг катта муаммо Россиядир. Агар киши Сибирда бўлса, Москвага келиб сертификат олиши учун ҳужжат ва пул керак бўлади. Бу эса унда йўқ. Умуман, биз Россиядан одам савдоси қурбонларини олиб келишга қийналамиз”, - деди Н.Каримова.

Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги миссияси раҳбари Майкл Чандснинг билдиришича, Қозоғистонда Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантлари сони кутилганидан кўп. Кузатувлар жараёни уларнинг жуда аянчли шароитда ишлаётганини кўрсатган. Меҳнат мигрантлари кўп ҳолларда ноҳақликларга учрайди. Шуларни ҳисобга олиб, икки мамлакат консулликлари орасида махсус келишувлар тузилиши, Қозоғистонда консуллик агентликлари ташкил этилиши зарур.

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда миграция тўғрисидаги қонун қабул қилинмас экан, бу уринишларнинг кўпи зое кетиши мумкин. Миграция тўғрисидаги қонун лойиҳаси эса, анжуманда маълум қилинганидек, аллақачон ҳукуматга таклиф этилган.
XS
SM
MD
LG