Линклар

Суднинг йигирма бешинчи куни: Прокурорлар судланувчиларнинг барча айблари исботланганини айтмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий судида ўтаётган жараённинг 26 октябрь кунги мажлисида давлат айбловчилари суд ҳайъатидан судланувчиларга 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўради.

Шу кунги мажлис айблов ва ҳимоя томонининг музокараларидан иборат бўлди.

Давлат айбловчиси, Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиев Андижон воқеаларини ташкиллаштиришда айбланаётган 15 судланувчига қўйилган айблар гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари ва далилий ашёлар билан ўз тасдиғини топганини таъкидлади. У айблов хулосасида келтирилган сўзларнинг деярли ҳаммасини яна бир бор такрорлади.

Прокурорнинг айтишича, акрамийлар ташқи кучлар сценарийсига кўра асосий ижрочилар сифатида танланган. Бу жараёнга хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам жалб қилинган.

Гарчи А.Набиев хорижий ОАВнинг Андижон воқеаларидаги иштирокига тўхталиб ўтирмаган бўлса-да, бошқа айбловчи баъзи хорижий мухбирлар номларини келтиришни лозим топди. Унинг сўзларига кўра, Галима ва Багила Бухорбоевалар, Ефрим Лугацкий, Маркус Беннсман, Андрей Волосевич, Шамил Байгин “асосий сценарийга мувофиқ” қуролли гуруҳ ҳокимлик биносига мустаҳкам ўрнашиб олгандан кейин бу ерга келиб, гуруҳ раҳбарлари Шариф Шокиров ва Қобил Парпиев билан учрашган ҳамда улардан олган “ёлғон, уйдирма” маълумотларни тарқатишни бошлаган.

Давлат айбловчилари айблов хулосасида келтирилган айбномалар суд мажлисларида гувоҳлик берган кишиларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланганини таъкидлади.

Айблов томоннинг деярли тўрт соат давом этган музокарасидан кейин А.Набиев судланувчиларга қўйилаётган асосий айбларни санаб ўтди. Унинг айтишича, судланувчиларга қўйилган терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш, айбни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдириш ва унга суиқасд қилиш, гаровга олиш, босқинчилик, мулкка зарар етказиш, ўқотар қурол, портловчи моддалар ва қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш каби жиноятлар тергов органлари томонидан тўғри тоифаланган.

Прокурор судланувчиларнинг ҳар бири хусусида тўхталди ва улар Жиноят кодексининг 30 дан ортиқ моддаси бўйича айбланаётганини айтиб ўтди. У Мўйдин Собиров, Илҳом Ҳожиев, Алишер Ҳакимов ва Абдулҳафиз Ғозиевга 20 йилдан, Ғулом Нодировга 19 йил, Абдулбоис Ибрагимов, Муҳаммадшокир Ортиқов ва Таваккал Ҳожиевга 18 йилдан, Ҳусан Туропов, Аваз Турғунов, Қирғизистон фуқаролари Валижон Эргашев ва Лочинбек Имонқуловга 17 йилдан, Қирғизистон фуқароси Жаҳонгир Бурҳоновга 16 йил ҳамда Азизбек Юсуповга 15 йил қамоқ жазоси тайинланишини, улар жазони умумий тартибдаги колонияда ўташини сўради.

Прокурор Фарҳод Ҳакимовни муқаддам ўта оғир жиноят содир этгани учун судланганини назарда тутиб, ўта хавфли рецидивист деб топишни, унга 20 йиллик қамоқ жазоси белгиланиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташ тўғрисида ҳукм чиқаришни сўради.
XS
SM
MD
LG