Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

АҚШ ва Франция Сурияга қарши санкция жорий қилишни ўйламоқда


Жорий йил феврал ойида Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Ҳаририй ҳаётига суиқасд уюштирилган эди. БМТ мутахассисларидан иборат комиссия мазкур иш юзасидан мустақил текширув ўтказиб, куни кеча ўзининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Ҳужжатда Сурия ҳукуматининг БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилмаётгани билдирилган. Сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида шу масала муҳокама қилинди. Йиғилишдан сўнг Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Франция ва АҚШ агар Дамашқ расмийлари Ҳаририй ўлдирилишида гумон қилинган расмийларни қўлга олмаса, Сурияга қарши санкция жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидан сўнг, АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон муросасиз оҳангда гапирди. АҚШ дипломати Хавфсизлик Кенгаши аъзолари бир овоздан БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилишни Суриядан талаб қиладиган вақт келганини айтди:

“Биз Хавфсизлик Кенгаши Сурия ҳукуматидан ўзини четга олмасдан, текширув жараёнида комиссия аъзолари билан ҳамкорлик қилиши кераклигига жиддий урғу беришини хоҳлаймиз. Биз Сурия ҳукуматининг гувоҳларни топиши ва ҳужжатларни ошкор қилишини хоҳлаймиз. Биз Сурия ҳукумати хақиқий ҳамкорлик қилишини хоҳлаймиз”, – деди АҚШнинг БМТдаги элчиси.

Болтон ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк де Ла Саблиер агар Сурия ҳамкорликдан бош тортса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Айни пайтда, АҚШ ва Франция вакиллари агар Дамашқ расмийлари БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилмаса, Сурияга қарши санкция жорий этиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ҳам тарқатди.

Маълумки, 21 октябр куни БМТ комиссияси раҳбари Детлев Мехлис ўтказилган текширувлар дастлабки хулосаларини эълон қилган эди. Хужжатда Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Харирий ва яна 20 одам ҳаётига зомин бўлган суиқасдга Сурия ва Ливан хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли расмийлари алоқадор эканлигига ишора қилинган.

30 нафар мутахассисдан иборат Мехлис бошчилигидаги гуруҳ тўрт ой давомида 400дан ортиқ гувоҳ ва суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни сўроқ қилган, бир неча ўн минг саҳифа ҳужжатни ўрганган.

Меҳлисга кўра, Дамашқ расмийлари БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилмаётгани сабабли, Ҳаририйга қарши суиқасдга Сурия ҳарбий разведкаси бошлиғи Рустум Ғазолий каби шахслар алоқадор ёки алоқадор эмаслигини аниқлашнинг иложи бўлмаган:

“Текширув жараёнида Рустум Ғазолий бизга Ҳаририй билан дўстона ва яқин (шахсий) муносабатда бўлганини айтди. Аммо ёзиб олинган телефон сўзлашувларини эшитиш давомида биз Ғазолий Бош вазир Ҳаририйга ишора қилиб, уни “ит” деб атаганини эшитдик. Бу ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Агар Сурия ҳукумати бу масалани чуқурроқ ўрганишга уринса, мақсадга мувофиқ бўларди,” – деди БМТ комиссияси раиси.

Меҳлисга кўра, комиссия Сурия президенти Башар ал-Асад билан суҳбатлашиш ёки суҳбатмаслик хусусида қарор қабул қилмаган. Меҳлис Сурия расмийларини сўроқ қилиш йўлидаги уринишлар тескари натижа бергани боис, бу ишни давом эттиришдан мантиқ йўқ, деган фикрда.

Сурия ҳукумати Меҳлис ва унинг гуруҳи эълон қилган ҳисоботнинг дастлабки хулосаларини рад этиб, уни Суриянинг Яқин Шарқ минтақаси, жумладан Араб-Исроил можаросига таъсирини камайтириш йўлидаги уриниш, дея баҳолади.

Суриянинг Британиядаги элчиси Сами Хиями Ливан собиқ бош вазирига суиқасд воқеасига учинчи томон алоқадор бўлиши мумкинлиги тўғрисида БМТ комиссияси хулосасида ҳеч нима дейилмаганини айтади:

“Ҳисоботда бундай жиноят Ливандаги Сурия хавфсизлик кучлари (хабарисиз ва) иштирокисиз амалга ошиши мумкин эмас, дейилган. Бу худди 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан Америка хавфсизлик идоралари хабардор бўлган, деган гап”, – дейди Суриянинг Британиядаги элчиси.

Детлев Меҳлис бошчилигидаги комиссия 15 декабрга қадар текширувни якунлаши лозим. Агар Ливан ҳукумати лозим топса, бу муддат яна узайтирилиши мумкин.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган Россия ва Хитой Рафиқ Ҳаририй ўлдирилиши юзасидан олиб борилаётган текширув бир неча ой ва ҳатто бир неча йилга чўзилиши мумкинлиги, унгача эса Сурияга қарши санкция жорий этилиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG