Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Сайрамда юзта камбағал қолди


Аҳолисининг 95 фоизини, яъни 40 мингга яқинини ўзбеклар ташкил этадиган Сайрам қишлоғида миллий анъаналар, урф-одатлар жуда яхши сақланиб қолган бўлиб, маҳаллий ўзбеклар уларни асрашга ҳаракат амал қилади.

Сайрамликлар Жанубий Қозоғистондаги бошқа ўзбек қишлоқларига қараганда анча яхши яшайди. Бу ерда аҳоли ишбилармон, қишлоқ шаҳарга яқин жойлашгани сабабли етиштирилган маҳсулотларни тезроқ сотиш имконияти бор.

Сайрам Чимкент шаҳрига яқинлиги боис, қишлоқ аҳлининг аксарияти ўша ерда ишлайди. Бу ердаги кўпчилик оиланинг тирикчилиги ҳам Чимкент билан боғлиқ. Қишлоқ аҳлининг деярли ярми, асосан, деҳқончилик билан шуғулланади. Табиийки, олинган маҳсулотлар Чимкент бозорларида сотилади.

Сайрамлик Муаззам опанинг айтишича, иккита сигирининг сутини ҳам шаҳар бозорида сотади ва шунинг орқасидан рўзғор тебратади.

Сайрам қишлоғи ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бундан 5 йил илгари қишлоқда 600 га яқин кам даромадли, яъни камбағал оила бўлган. Ҳозир улар сонини 100 тага туширишга эришилган.

Сайрамдаги 13 та мактабда 12 мингга яқин ўқувчи таълим олади. Юсуф Сарёмий номидаги гимназия мактабида 2 мингдан зиёд ўқувчи бор. Гимназия қишлоқдаги энг намунали мактаблардан ҳисобланади. Бу мактаб Сайрамда очилган илк ўзбек мактабидир.

Гимназия директори ўринбосари Мирислом Мирҳайдаровнинг таъкидлашича, ўзбек мактабларининг ҳаммасида муаммолар бор. Масалан, ўзбек тилида ўқиган йигит-қизлар олий маълумот олиш учун қозоқ ва рус тилларида тест топширади. Бундан ташқари, қишлоқда уч сменада ўқиладиган мактаблар ҳам мавжуд. Ҳокимлик қишлоқда яна бир янги мактаб қуриш ташаббуси билан чиқяпти.

Асосан ўзбеклар яшайдиган Сайрам кўчаларида деярли ўзбекча ёзувлар учрамайди. Шиорлар, кўчалар номи, барча-барчаси қозоқча ёки русча ёзилган.

“Давлат бошқаруви идораларида ўзбек мутахассислари йўқлиги анча аянчли”, - дейди М.Мирҳайдаров.

Сайрамликлар ўзбек тилида маълумот ва ахборот олиш имконияти камлигидан шикоят қилади. Айни пайтда Ўзбекистон телеканалларининг Жанубий Қозоғистон ҳудудидаги намойиши тўхтатилгани улар учун дард устига чипқон бўлди.

Сайрам қишлоғидаги деярли ҳар бир ўзбек оиласининг Ўзбекистонда қариндошлари бор. Бироқ чегарадан ўтиш муаммолари бу муносабатга тўсқинлик қиляпти.

Сайрамда ўзига тўқ, бадавлат оилалар ҳам кўп. Уларни сайрамлик миллионерлар, деб аташади.

Қишлоқ ҳокими ўринбосари Каримжон Пўлатбоевнинг сўзларига кўра, бойларнинг кўплиги яхши. Чунки улар турли тадбирларга ҳомийлик қилади. Сайрамлик миллионерлар сони ҳам камбағаллар сонига, яъни юзтага яқинлашиб қолган.
XS
SM
MD
LG