Линклар

Елена Урлаева кутилмаганда озодликка чиқарилди


Шайбон Суд қарори билан руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий муолажа олаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева 27 октябрь куни тунда кутилмаганда озодликка чиқарилди.

Е.Урлаевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, аллақачон уйқуга кетган пайтда уни шифохона ходимлари уйғотган. Бош ҳамшира хонасида уни Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи ва онаси яшайдиган маҳалла оқсоқоли кутиб турганини кўрган. У бу одамларни кўриб, хавотирга тушган ва адвокати келмагунча ҳеч нима гапирмаслиги ва ҳеч қаёққа кетмаслигини айтган. Зеро, 27 октябрга қадар уни ҳеч қандай тушунтиришларсиз у шифохонадан бунисига олиб бориб, сарсон қилишган.

Е.Урлаеванинг сўзларига кўра, бу шахслар унга иши 27 октябрь куни шаҳар жиноят ишлари судида апелляция тартибида кўриб чиқилгани, суд уни озод қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирган.

“Машина кетаётганимизда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари кабоб олиб, менга тутқазди ва озодликка чиққанимни байрам қилишим мумкинлигини айтди. Буни қарангки, милициямиз мана шунақа олижаноб ҳам бўла оларкан”, - деди Е.Урлаева.





Е.Урлаева руҳий касалликлар шифохоналарида ўтказган деярли икки ойни ҳам хотирлади. Унинг таъкидлашича, ҳибсга олингандан сўнг дастлаб шаҳар руҳий касалликлар шифохонасининг 3-бўлимига жойлаштирилган. Бу ерда унга яхши муносабатда бўлинган, ҳатто очлик эълон қилганида шифокорлар хавотирга тушиб, югуриб-елган. Аммо Чуқурсойдаги шифохонага олиб борилгандан сўнг муносабат кескин ўзгарган.

“Дастлаб мени руҳий касаллар сақланадиган ҳибсхонага жойлашди. Бу қоп-қоронғу ертўла бўлиб, хлор ҳиди анқиб турарди. У ерда мен икки соат бўлдим. Бошқа шифохонага кўчирилганда эса руҳий касалларни менга қарши қайрашни бошлашди. Улар мени уриб, сочларимдан тортишди. Ҳатто тунлари ухлашдан қўрқардим. Чунки касаллар тўсатдан менга ташланиб, бўға бошларди. Бу ҳақда арз қилиб, бошқа жойга кўчиришни сўрасам, калтаклашарди”, - деди Е.Урлаева.

Е.Урлаевнинг таъкидлашича, 19 октябрь куни у шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига олиб келиниб, икки кундан кейин мажбурий муолажалар бошланган. У муолажалар давомида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Бу муносабат шифохонадан чиққанга қадар давом этган.

“Бутун дунё менга ёрдам қўлини чўзди. Мен ҳам Санжар Умаров ва Мўътабар Тожибоевага ёрдам беришга шошилишим керак, улар жуда оғир аҳволда қоляпти. Ўтадиган ҳар бир сония улар учун катта йўқотиш бўлиши мумкин”, - деди сўзининг охирида Е.Урлаева.
XS
SM
MD
LG