Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик ўралмонлар тарихий ватанида оғир аҳволда яшамоқда


Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан ўралмон сифатида Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғига кўчиб кетган 28 та қозоқ оиласи бугунги кунда жуда ночор аҳволда ҳаёт кечирмоқда.

Бу оилалар яшаётган ташландиқ бино илгари сил касалликлари диспансери бўлган. Улар агар қишда кўп ёғингарчилик бўлса, бино қулаб тушишидан ёки том босиб қолишидан хавфсираб яшайди.

Сайрамга 6 йил муқаддам келган Олтиной Жўжиеванинг айтишича, улар Ўзбекистондан кўчиб келишга мажбур бўлган. Зеро, улар Конимех туманидаги чўл ҳудудда сувсизликдан, ишсизликдан қийналган.

О.Жўжиева Қозоғистон ҳукумати ўралмонлар учун ваъда қилган шароитлар йўқлигини таъкидлади. Уларга ер ҳам, маблағ ҳам берилмаган. Квотага киритилмаган.

Ойгул Абилова оиласи билан 7 йил аввал кўчиб келганди. У дастлабки пайтларда болалари жуда қийналганини айтади. Сайрамда қозоқ мактаби бўлмагани сабабли болалар қўшни қишлоқдаги мактабга қатнашга мажбур бўлган. Қиш ойлари эса улар узоқдаги мактабга умуман бормаган. Қишлоқ ҳокимлигига мурожаат қилингандан кейингина ўзбек мактабларида қозоқ болалари учун махсус синфлар ташкил этилган.

Ўзбекистонлик қозоқларнинг сўзларига кўра, уларнинг кўпчилиги ишсиз. Ёз ойларида мавсумий ишлардан озроқ маблағ жамғариб, қиш бўйи шуни еб ётади.

75 ёшли Аминбар Шамбаева фарзандлари, неваралари билан бирга Сайрамга кўчиб келганига 10 йилдан ошди. Ўн йилдан буён Сайрамдаги ташландиқ бинода яшашга мажбур бўляпти. Аминбар она фарзандлари кунлик озиқ-овқат харажатларига етадиган пул топиши, ҳозир қишга ўтин йўқлиги муаммоси қийнаётганини билдирди.

Сайрам қишлоғи ҳокимининг ўринбосари Каримжон Пўлатбоев илгари кўчиб келган 100 дан ортиқ оила уй-жой билан таъминлангани, кейин келган ўралмонлар муаммоси ҳам ҳал этилишини маълум қилди.

1991 йилдан 2005 йилнинг 1 июлигача Қозоғистонга кўчиб келган 450 мингга яқин ўралмоннинг асосий қисми илгари Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, Туркманистонда яшаган. Ўралмонларнинг 60 фоизини ўзбекистонлик қозоқлар ташкил этади.

Қозоқ мухолифатчиларидан бири Анвар Муҳамммедовнинг билдиришича, хорижий қозоқларнинг барчаси ҳам тарихий ватанида кўнгилдагидай яшаш бахтига муяссар бўлмаяпти. Ўралмон мақомини олганларнинг ортга қайтиб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда.
XS
SM
MD
LG