Линклар

Ҳукумат ўз одамларини Марат Зоҳидовга тиқиштиряпти

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи дунёдаги сафдошларига қилган мурожаатида мамлакат ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат аъзоларига қарши қўллаётган чораларидан норозилик билдирди.

Унда сўнгги вақтларда бир неча ҳуқуқ ҳимоячилари тўқима айблар билан ҳибсга олингани айтилади ва фарғоналик Мўътабар Тожибоева, самарқандлик Норбой Холжигитов, хоразмлик Исоқ Абдуллаев тақдири мисол қилиб келтирилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Намозовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров ҳам тўқима айб билан ҳибсга олинган бўлиб, бу ҳукумат томонидан мухолифатга қарши эълон қилинмаган урушнинг бир кўринишидир.

“Ҳозир кўзга кўринган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячиларини қандайдир айблар билан қамаш авжига чиқди”, - дейди Б.Намозов.

Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов мазкур ташкилотнинг Наманган вилояти бўлими раҳбари Зоҳид Зокировга ҳуқуқ-тартибот органлари тинчлик бермаётганини билдирди. Унинг айтишича, З.Зокиров гўёки Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон раҳбариятига шаънига номақбул сўзлар айтганликда айбланиб, яқинда 7 кун қамалиб чиққан. Уни яна суд қилишга ҳаракатлар бўляпти.

М.Зоҳидовнинг таъкидлашича, июнь ойида қўмитанинг Наманган бўлими тугатилган эди. Аммо маҳаллий ҳокимият ўзи истаган кишиларни ўзбошимчалик билан бу ташкилотга раҳбарликка қўймоқда.

М.Зоҳидов қўмитанинг Самарқанд вилояти бўлимида ҳам аҳвол шундайлигини маълум қилди. Жумладан, бўлим раислигини ҳукуматга қарашли кишилар эгаллаб олиб, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси номидан иш юритяпти.

“Биз уларнинг бу ўткинчи фаолияти ҳақида жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб борамиз”, - деди М.Зоҳидов.
XS
SM
MD
LG