Линклар

Парфийнинг таклифлари


Фирдавс Ўзини самарқандлик Парфий деб таништирган йигит Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш учун “Уйғониш” номли дастур тайёрлаганини билдиряпти.

Парфийнинг айтишича, бу дастурдан мамлакат ҳаётининг барча жиҳатларини қамрайдиган таклифлари ўрин олган.

“Ўзбек жамиятини ривожлантириш учун, биринчи навбатда, аҳолининг тинч намойиш ва пикетлар ўтказишига йўл берилиши керак. Иккинчидан, аҳоли фикрини ўрганиб борадиган марказлар ташкил этилиб, ҳаққоний статистик маълумотларга эга бўладиган муҳитни шакллантириш лозим”, - дейди Парфий.

“Уйғониш” дастуридаги таклифлар 10 қисмдан иборат. Унда мамлакатдаги сиёсий муҳитни яхшилашга қаратилган таклифлар ҳам бор. Парфий расмий сиёсий партиялар билан демократик кучлар ўртасида ҳозирги парламентдагидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон сиёсий майдонида ягона бўлган блок тузиш таклифини илгари суради.

“Расмий партиялар ва кучлар орасида ҳам ҳозирги сиёсатдан норози бўлган, лекин муҳит йўқлиги туфайли ўз ёғига қовурилиб юрган кишилар етарли”, - дейди Парфий.

Унинг фикрича, ҳар қандай демократик жамиятда сиёсий вазиятни расмий ва унга мухолифатда бўлган кучлар мувозанатда ушлаб туради. Аммо Ўзбекистонда мухолифатдаги партияларнинг ўрни сезилмайди.

“Мен мухолифатдаги партиялар фаолиятини қайсидир маънода ижобий баҳолайман, - дейди Парфий. - Лекин назаримда уларда журъат ва уйғоқлик етишмайди. Агар бу кучлар уйғоқ бўлганида демократия ривожига кўпроқ ҳисса қўшган бўлар эди”.

“Уйғониш” дастуридан жамиятда ҳуқуқий барқарорликни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалигида эркинлик ва имкониятлар яратиш, банк соҳасини ислоҳ қилиш каби масалалар юзасидан таклифлар ўрин олган. Ундаги олий таълим соҳасидаги таклиф эътиборга лойиқ. Дастурда айтилишича, олий таълим соҳасида ўзига тўқ ва камбағал қатлам ўртасидаги мувозанатни ушлаш мақсадида ўқиш учун кетадиган моддий харажатларни давлат тўлиқ ўз зиммасига олиши керак. Зеро, ҳозир аҳолининг катта қисми тўлов қобилиятига эга эмас. Натижада таълимда билим эмас, балки бойлик биринчи ўринга чиқиб қолган.

Парфий жамиятни соғломлаштириш учун, аввало, коррупцияга қарши курашни биринчи ўринга қўяди. Унинг таъкидлашича, бу жуда кўп иқтисодий муаммоларга ечим бўлиши мумкин.

“Коррупцияга қарши самарали кураша олсак, ҳозир ўғри чўнтакларга тушаётган маблағлар ёки уларнинг бир қисми билан ҳам жуда кўп муаммоларни ижобий ҳал қила олиш имконияти бор”, - дейди Парфий.
XS
SM
MD
LG