Линклар

logo-print

Мўътабар Тожибоеванинг адвокатлар билан учрашишига тўсиқлар бор


Шайбон Шу кунларда ҳибсга сақланаётган фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг ўз адвокатлари билан учрашишига рухсат этилмаяпти.

Адвокат Муҳаррам Тожибоеванинг маълум қилишича, 21-22 октябрь кунлари адвокат Дилафрўз Нурматова ҳибсхонада М.Тожибоева билан учрашган. Аммо кейинги кунларда ҳибсхона бошлиғи Адҳам Узоқов тергов бўлими бошлиғи рухсатисиз адвокатларнинг М.Тожибоева билан гаплашишига рухсат бермаслигини билдирган.

“Бу ўринда М.Тожибоеванинг қонунчиликда кўрсатилган ҳуқуқлари бузиляпти. Зеро, адвокатлар билан кўришишга ҳеч қандай тўсқинлик бўлиши керак эмас”, - деди Муҳаррам Тожибоева.

Муҳаррам Тожибоеванинг ўзи ҳам адвокат сифатида М.Тожибоева билан учрашиш ҳуқуқига эга. Аммо ўз мижози билан учрашишига рухсат этилмагани боис, у бошқа адвокат – Д.Нурматовага мурожат қилишга мажбур бўлган.

“Мен ҳам М.Тожибоеванинг адвокатиман. Лекин менинг ордер билан ҳам у билан учрашишимга йўл қўйилмади. Шу билан бирга, М.Тожибоеванинг қонуний талаблари ҳам бажарилмаяпти. Тинтув вақтида унинг уйида жуда кўп ҳужжатлар олинганди. М.Тожибоева бу ҳужжатларни кўздан кечиришда фақат адвокатлар эмас, ўзи ҳам иштирок этишини талаб қиляпти”, - деди Муҳаррам Тожибоева.

У ҳуқуқ ҳимоячисининг иши бўйича маълумотларни “Озодлик” радиосига тақдим этаётгани учун жиддий огоҳлантирилганини билдирди. 28 октябрь куни Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳошим Азизов адвокатга бундай маълумотларни берса, М.Тожибоеванинг аҳволини оғирлаштириши мумкинлигини айтган ва маълумотлар бермасликни тайинлаган.

Муҳаррам Тожибоева ўз мижозининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан бундан буён “Озодлик” радиосига маълумот беришдан тийилишини билдирди ва бу қарорни тўғри тушунишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, М.Тожибоева 8 октябрь куни тунда ҳибсга олинган. У товламачилик ва фирибгарликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG