Линклар

Бағдодда ҳамма ёқ тинч…ми?

  • Садриддин Ашур

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қўшимча жазо чоралари қўллашга оид резолюция қабул қилгани ҳақидаги хабарларга расмий Тошкент ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти.

Гарчи резолюция пайшанба куни кечқурун қабул қилинган бўлса-да, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам ҳамон сукут сақламоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Беруний Олимов дастлаб бу масалада “резолюция қабул қилган ташкилотга мурожаат қилиш маъқул бўлишини” таъкидлади. Кейин эса матбуот хизматида ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қилди.

Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари раҳбарлари ҳам резолюция хусусида тайинли фикр билдира олмаяпти. Хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Аслиддин Рустамов резолюция ҳақида расман хабар қилинмаганини айтиб, бу масалада бирор муносабат билдира олмаслигини таъкидлади. Либерал демократик партия вакили Адҳам Шодмонов эса резолюция мавзуси муҳокама қилинаётганини, ҳали бир тўхтамга келинмаганини айтиш билан кифояланди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари ва АҚШ билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаларини имзолаган. Шундай экан, улар Ўзбекистондан керакли маълумотларни талаб қилишга ҳақли.

“Бундай ҳамкор уларнинг талабларига жавоб бермаса, муносабатлар ўзгариши табиий. Стратегик шериклар орасида ноаниқликлар, ишончсизликлар бўлмаслиги керак. Принципиал жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон Европа талаб қилган маълумотларни бериши керак ёки муносабатларни қайта кўриб чиқиш лозим. Европа масалани шундай қўймоқда”, - деди Ф.Толипов.

Унинг билдиришича, Ғарб давлатлари билан алоқани узиб, Россиядан паноҳ кутиш нотўғридир. Чунки Ўзбекистон ташқи сиёсатида АҚШ ва Европанинг ҳам ўз ўрни бор. Шунинг учун агар бу давлатлар иқтисодий, инсонпарварлик ва сармоявий ёрдамларини тўхтатиши ёки чеклаши Ўзбекистон учун салбий оқибатларга олиб келади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, бу каби босимлар Ўзбекистон ҳукуматига тазйиқ ўтказиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Зеро, ҳозир Ўзбекистон ўзининг халқаро майдондаги обрўсига умуман эътибор бермай қўйди. Мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига бўлаётган очиқдан-очиқ қатағон шундан далолат беради.

“Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг юзидаги ниқоб йиртилди. У бу ниқобни тиклашга ҳаракат ҳам қилаётгани йўқ. Ҳукуматнинг бирдан-бир мақсади ҳокимиятни қўлда ушлаб туриш”, - деди К.Раббимов.

К.Раббимов Ғарб Ўзбекистонга иқтисодий жазолар қўлласа, аҳолига ёмон бўлиши тўғрисидаги фикрларга қўшилмади. Чунки, унинг айтишича, аҳоли шундай вазиятга келиб қолганки, энди ҳеч нарса йўқотмайди. Аксинча, ҳукуматга кўрсатиладиган бундай таъсирлар аҳолини, мухолифатни маънавий қўллаб-қувватлаш бўлади.

“Ўзбекистонга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиши инсон қиёфасини йўқотган тузумнинг тезроқ тугашига ҳисса қўшади”, - деди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG