Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий газеталарнинг деярли барчасида одатдагидек Олий судда кечаётган жараён ҳақида қисқача маълумот, суддаги гувоҳликларга муносабатлар чоп этилди. Шунингдек, Ўзбекистонда бундан икки ҳафта муқаддам тил байрами нишонлангани боисми, бошқа ижтимоий мавзулар қаторида ўзбек тили ҳақидаги мақолалар кўзга ташланди.

Баъзи нашрларда Ғарб демократияси ва хорижий оммавий ахборот воситалари борасидаги танқидий мақолаларга ҳам ўрин берилди.

“Ҳуррият” газетасининг 26 октябрь сонидаги “Замона зўрники эмас” сарлавҳали мақоласида Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий радиолар ҳақида сўз юритиб, муаллиф Тожиддин Раззоқ, жумладан, бундай ёзади: “Холисликни бўйинларига тумор қилиб осиб олган Ғарб оммавий ахборот воситаларининг ўзбек бўлган ва бўлмаган ҳурматли муаллифлари чумолидай ёки асаларидай тиним билмасдан конституцион ҳукуматни қоралаш йўли билан ўзбек халқига бўлган “меҳр-муруввати” ва “ичкуярлигини” қанчалар авж пардаларда давом эттирмасинлар, барибир ош бўлсин, чунки ҳеч кимнинг оғзини тикиб бўлмайди - мулла билганини ўқигани сингари бу дунёда ҳатто чумоли ҳам зиммасидаги вазифани бажаришга масъулдир ва бу сафарбарликнинг ижроси ҳақида лозим бўлган жойда тикка туриб жавоб беради, қолаверса, нонни ҳалоллаб ейишнинг мутлақо айби йўқ”.


“Халқ сўзи” газетасининг 26 октябрь сонида “Манфаат йўлида қурбон бўлаётган демократия” сарлавҳали мақола босилди. Муаллифлар Бекқул Эгамқулов ва Юнус Бўронов Ғарб демократиясининг асосий мақсадлари ҳақидаги мулоҳазаларини баён этиб, бундай хулоса қилади: “Ер ости бойликлари йўқ мамлакатларда фуқаролар бир-бирини қириб ташлаётган бўлса-да, ҳеч кимнинг иши йўқ. Нега шундай? “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячи”лари бундай фожеаларни кўрмайдими? Кўради, аммо кўрмасликка олади. Чунки қашшоқ давлатнинг уларга кераги йўқ. Уларнинг мақсади, ер ости захираларига бой мамлакатларда ўзларига қарашли, гапларидан чиқмайдиган “қўғирчоқ”ларни ҳукумат тепасига ўтқазиш. Буни англаш учун катта ақл эгаси бўлиш шарт эмас”.



Аҳмаджон Мелибоевнинг “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинган “Ҳуштакни ким чалади?” сарлавҳали мақоласида ўзбек тилининг имло қоидалари ва талаффузидаги муаммоларни бартараф этиш йўлидаги ҳаракатлар зое кетаётгани ҳақида ёзилади. Мақоладан иқтибос келтирамиз: “Жонли тил амалиётида қусурлар, таассуфки, кўпайиб бормоқда. Имлода қайси қоидага амал қилишни билмаймиз. Бу маъсулият зиммасига юкланган ҳурматли олимларимиз сусткашлик қилаётган эканлар, эринмаган ҳар бир нашр, ҳар бир қаламкаш ўзича “қоида” кашф этиб ётибди. Давлатларнинг номлари олақуроқ бўлиб кетди: Болгария-Булғория, Корея-Қурия, Франция-Фарангистон, Россия-Русия, Ўрисия, Ўрисистон. Меҳмонни ҳамон отадан улуғ деймиз, кампирнинг дарди “ғозада” эмас, “ғўзада”, ўғрилар эгасиз хонадонларга ҳамон “ташриф” буюришмоқда. Тўй-ҳашамларимизга дўст-қадрдонларимизни “лутфан” таклиф этмоқдамиз”.
XS
SM
MD
LG