Линклар

ЕХҲТ вакили Ўзбекистонда


Шайбон 2 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяси раиси Элси Хестингсни қабул қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Беруний Алимовнинг сўзларига қараганда, И.Каримовнинг айни пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси ҳам ҳисобланадиган Э.Хестингс билан учрашуви чоғида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари хусусида сўз борган. Шунингдек, музокарада минтақавий хавфсизлик масаласидаги ҳамкорлик жиҳатлари ҳам муҳокама қилинган.

Хабарларга кўра, Э.Хестингс Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказган.

Ўзбекистон телевидениесининг рус тилидаги “Ахборот” кўрсатувида таъкидланишича, парламентдаги учрашув чоғида ЕХҲТ вакили қонунчилик икки томонлама алоқаларнинг “принципиал муҳим қирраси” эканини айтган. Шу билан бирга, учрашув давомида таълим ва қонун ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.

3 ноябрь куни Э.Хестингс Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлар вакиллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар билан норасмий учрашув ўтказиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG