Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:14

Ҳарбийларга кун туғди...ми?


Муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаган, қўмондонларидан бу ҳақда тегишли тавсиянома олиб, захирага бўшатилган ўзбекистонликлар олий ўқув юртларига киришда катта имтиёзларга эга бўлди.

Ўзбекистон президентининг матбуотда эълон қилинган қарорида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга мамлакат олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади. Бундай имтиёзлар республикадаги олий ўқув юртларида таълимнинг ҳамма йўналишларига жорий этилади. Шунингдек, контракт асосида ўқишга қабул қилинган собиқ ҳарбийларга шартномада кўрсатилган маблағнинг 35 фоизи “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳисобидан тўлаб берилади.

Собиқ ҳарбий таълим ўқитувчиси Солижон Абдураҳмонов фикрича, бу қарор ёшларнинг ҳарбий хизматга бўлган муносабати ўзгаришига маълум даражада таъсир қилади. Чунки сўнгги вақтларда таълимнинг пуллик тизимга ўтиши кўпгина ёшларнинг ўқиш имкониятини чеклаб қўйган. Бу қарор, айниқса, қишлоқ ёшлари учун олий таълим сари кенг йўл очади.

Собиқ ҳарбий зобит Ҳошимбек Ирисбоевнинг таъкидлашича, олий ўқув юртларига кирадиган талабалар учун бундай имтиёзлар умуман бўлиши керак эмас. Чунки бу таълим сифати тушишига олиб келади. Қолаверса, билимли ёшлар бир чеккада қолиб кетади.

Қарорда бундай имтиёзлардан мақсад ҳарбий хизматни тугатаётган ёшларни рағбатлантириш ва ҳарбий хизматни ўташ самарадорлигини ошириш экани айтилади.

Кузатувчи Алимардон Аннаевнинг билдиришича, бу қарор ортида мавжуд ҳукуматга қайишадиган ёшларни тарбиялаш мақсади ҳам бўлиши мумкин.

“Шу билан бирга, қарор адолат мезонини бузишга олиб келадиганга ўхшайди. Яъни бутун билимини ишга солиб, ўқишга кириш илинжида бўлган ёшларнинг олий таълим олиш имконияти чекланади”, - деди А.Аннаев.

С.Абдураҳмонов эса бу ўринда адолат мезони бузилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар орасида ўқишга катта эътибор бермайдигани кам. Шунинг учун улар имтиёз асосида берилган балл ўрнини бир неча ой ичида қоплай олади.
XS
SM
MD
LG