Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:05

Ўзбекистондаги масжидларда ҳайит намози ўқилди


3 ноябрь куни кўпгина мусулмон давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳайит байрами нишонланди. Эрта тонгда мамлакатдаги барча жомеъ масжидларда ҳайит намози ўқилди.

Тошкентдаги барча жомеъ масжидлари ҳайит кунлари одам билан тирбанд бўлади. Бошқа кунлари масжидларда бундай ҳолат кузатилмайди.

Тошкентнинг “Дўмбиробод” маҳалласидаги Носирхон жомеъ масжиди ҳам тонг саҳардан одам билан лиқ тўлди. Намозхонлар дарвозадан ташқаригача чиқиб кетди. Ҳайит намозига қадар масжид имом хатиби йиғилганларга амри маъруф қилди.

Ўз маърузасида одамларни ислом дини арконларига риоя қилишга, намозхон бўлишга ва ҳалолликка даъват этган имом ёшларнинг тарбияси бузилиб кетаётганига ҳам тўхталди.

“Қанча-қанча қизларимиз шарму ҳаёдан йироқ. Кўча-кўйда ярим яланғоч, киндигини кўрсатиб юрганлари қанча. Улар бошқа миллат вакиллари эмас, афсус-надоматлар бўлсинки, сизу бизнинг қизларимиз, келинларимиз”, - деди маъруза қилувчи имом.

Қуёш бир найза бўйи кўтарилганда ҳайит намози ўқишга киришилди. Намоз сўнггида Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, эл-юртга хотиржамлик, тўкин-сочинлик тиланди. Ўтганлар ҳақига дуо қилинди.

Ҳайит намозини ўқиб бўлган ўзбекистонлик намозхонлар масжидлар атрофидаги кўчаларда сотилаётган турли хил ширинликлар ва совғалар харид қилиб, уй-уйларига тарқалди.
XS
SM
MD
LG