Линклар

logo-print

К.Раббимов: “Ўзбекистонда жамият учун асосий қўрқув манбаи – ҳукумат”

  • Садриддин Ашур

4 октябрь куни Россия, Италия каби давлатларда халқ бирлиги куни нишонланаётган бир пайтда миллий якдиллик масаласининг Ўзбекистондаги аҳволи кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг фикрича, ўзбек халқи тарихида бирлик ва бирдамлик бўлган. Бу ҳолат фақат миллатни унга муносиб подшоҳлар ва саркардалар бошқарган пайтларга хос. Ҳозир эса ўзбек халқида бирлик йўқ. Чунки халқни бирлаштирувчи, унга шамчироқ бўлиш даражасидаги раҳбар йўқ.

“Халқ бирлиги бўлиши учун ҳукумат томонидан, аввало, халққа эркинлик берилиши лозим”, - деб ҳисоблайди Д.Ҳасан.

Ёзувчи Зоҳир Аъламнинг таъкидлашича, ўзбек халқининг бирлаша олмаслиги сабаби унга тўғри сўзни айтиш имконияти берилмаганидир. Натижада маҳаллийчилик авж олмоқда.

“Умуман, ўзбек халқида миллий онг шаклланмаганини 15 йиллар аввал айтган эдим. Ҳозир халқнинг бу борадаги савияси ундан ҳам тушиб кетган”, - деди З.Аълам.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов Ўзбекистон халқида сиёсий бирлик бўлиши қийинлигини таъкидлади. Зеро, ҳар бир одамнинг ўз қараши бор. Қарашлар бирлигига эришиш учун давлат томонидан тўсиқ бўлмаслиги керак.

“Ҳозир халқ билан ҳокимият ўртасида катта қарама-қаршилик бор, - деди И.Худойберганов. – Бунга ҳокимиятнинг ўзи сабабчи бўляпти. Чунки унинг сиёсий ва иқтисодий йўли халқ манфаатига тўғри келмайди”.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон ҳукуматига бутун жамият мухолифатда. Яъни халқ билан ҳукумат ўртасида бирдамлик йўқ.

“Албатта, ҳозир жамиятнинг жуда кенг қатламини ўзгаришларга бўлган эҳтиёж бирлаштириб туради. Лекин бу ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга таъсир этишда бирдамлик ҳақида гапириш жуда қийин. Бирдамлик ғояларга интилишда ҳам кўриниши керак. Шу маънода, Ўзбекистон халқи ўртасида эркинликка интилишда бирдамлик бор, дейиш мумкин. Чунки жамият учун асосий қўрқув манбаи ҳукуматнинг ўзи. Ўзбекистонда қўрқувнинг манбаи диний экстремизм эмас”, - деди К.Раббимов.
XS
SM
MD
LG