Линклар

Нонвой ўзбекнинг тирикчилик сари юришлари


Икки йилдирки, андижонлик Олимжон Аҳмедов ўғли Орифжон билан Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида нонвойлик қилади. Илгари улар Россия шаҳарларида ва Қирғизистонда ҳам шу касб орқасидан тирикчилик ўтказган.

17 ёшли Орифжон нонвойлик сирларини болалигидан эгаллаган. Рўзғор ташвишлари туфайли 6-синфдан сўнг мактабдаги ўқишини ташлашга мажбур бўлган. У анча йиллардан буён отаси Олимжон акага нон ёпишга кўмаклашиб келади.

“Мактабга ўқишни шароит кўтармади. Ҳаёт оғир бўлгандан кейин ўқигинг ҳам келмайди. Бундан 5-10 йил илгари яшаш яхши эди. Бизнинг пешонамизга оғир ҳаёт ёзилган экан”, - дейди Орифжон.

Олимжон ака Ўзбекистонда ишлаб пул топишнинг иложи бўмагач, тирикчилик учун ота-бола дарбадарликда яшаб, пул ишлашга мажбур бўлаётганини айтади.

“Бошқа илож ҳам йўқ, - дейди Олимжон ака. - Ота-онадан, қариндош, бола-чақадан узоқда ишлаяпмиз. Ўзбекистонда бу ерда топадиганимизнинг тўртдан бирини ҳам ишлай олмаймиз. Иттифоқ даврида бу ёқларга келишни хаёлимизга ҳам келтирмас эдик. Мустақил бўлдик, ҳамма чумоли сингари ризқини қидириб, ҳар ёққа юрибди”.

Қозоғистонга пул ишлаш илинжида келган кўплаб ўзбекистонликлар мушкул вазиятларга тушиб қолаётгани сир эмас. Қозоқ бойваччалари ўзбек мардикорларини қул сифатида ишлатиши кўп учрайди. Олимжон аканинг ҳам бир қариндоши шу вазиятга тушиб, 1,5 йилдан кейингина уйига қайтиб келган.

Ота-бола эса Қозоғистонга қийналмаётгани ҳақида гапирди. Улар, асосан, ўзбеклар яшайдиган Сайрам қишлоғида ишлаётгани учун нохуш вазиятга тушмаган. Ота-бола Сайрамда икки йил давомида ишлаб, анчагина маблағ жамғарган. Бу маблағнинг бир қисми ота уйидан алоҳида бўлиб чиқишга сарфланди.

Ота-бола бундан 8 ой илгари Андижонга бориб келганди. Майдаги Андижон воқеалари уларнинг ҳам тинчини ўғирлади.

“Келган-кетганлардан Андижондаги вазият ҳақида сўраб турамиз. Аммо ҳозир, аввало (жабрдийдалар орасида), қариндош-уруғларимиз бўлмасин, деб ўтирибмиз”, - дейди ота-бола.

Олимжон ака ўғли Орифжонни уйлантиришга етадиган пул тўплагач, Ўзбекистонга қайтмоқчи. Орифжоннинг орзулари эса бошқачароқ. У мактабни 6-синфдан ташлаб кетган бўлса-да, институтга кириб ўқиш ниятида. Келажакда актёр бўлмоқчи.
XS
SM
MD
LG