Линклар

logo-print

Ш.Тўлаганов: “Халқаро тиббий экспертлар келишига қаршиман”


Феруза Айни пайтда ҳибсда сақланаётган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг рафиқаси эрининг саломатлигидан хавотир билдириб, Ўзбекистон Бош прокурори номига очиқ хат йўллади.

Индира Умарова С.Умаров билан 30 йил бирга ҳаёт кечиргани, унинг соғлиғи ва феъл-атворидан жуда яхши хабардор эканини айтиб, эрининг саломатлигидаги ўзгаришлардан ташвиш билдиради: “25 октябрь куни иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси терговчиси томонидан адвокат Красиловский ҳам тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун таклиф қилинганди. Бироқ тергов ҳаракатлари ўтказилмади. Чунки адвокат ва терговчи турмуш ўртоғимни камерада қип-яланғоч аҳволда кўрган ва у ҳеч ким тушунмас сўзларни ғўлдираб, юзларини бекитиб олган... Биз биргаликдаги ҳаётимиз мобайнида яқин қариндошларнинг, ота-онанинг ўлими каби ҳиссий руҳий зарбаларга кўп марта учраганмиз. Аммо бундай воқеаларнинг бирортасида эрим бунчалик чуқур депрессияга тушмаган ва ўзини бу қадар йўқотмаганди. Ҳозир адвокатимиз Красиловскийнинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғимда илгари умуман бўлмаган кучли бош оғриғи, қайт қилиш, рангпарлик, жонсараклик ва қон босими кўтарилиши кузатилмоқда”.

И.Умарова эрига энг оддий шахсий гигиена анжомларидан фойдаланишга ҳам рухсат этилмаётганига тўхталади ҳамда “беш фарзанднинг отаси С.Умаровнинг саломатлиги юзасидан халқаро мустақил тиббий таҳлилий муассасалар ва адвокат иштирокида тўлиқ тиббий текширув ўтказилиши”ни талаб қилади.

И.Умарова эрининг ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳибсга олингани, саломатлиги, қолаверса, ҳибсда ушлаб туришдаги ҳуқуқлари бузилишини ҳисобга олиб, унга нисбатан қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраган.

Бош прокуратура вакиллари мазкур очиқ хат юзасидан жавоб тайёрланаётганини маълум қилди.

Мавзу юзасидан фикр билдирган “Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти Шарофиддин Тўлаганов С.Умаровнинг яқинлари билдираётган хавотирлар асоссиз эканини таъкидлади.

“С.Умаровга гўёки руҳий таъсир этувчи уколлар қилинаётгани ҳақидаги гапларга ишонмайман. У ўзини шундай тутяпти. Ўйлайманки, унинг саломатлиги жойида. Менимча, у қийинчилик кўрмасдан ўсган. Бирданига қамоққа тушгани учун ўзини йўқотиб қўйган. Халқаро тиббий экспертлар келишига мен қаршиман. Чунки биз мустақил давлатда яшаймиз”, - деди Ш.Тўлаганов.

Эслатиб ўтамиз, С.Умаров иқтисодий жиноятлар содир этишда гумон қилиниб, 23 октябрь куни ҳибсга олинган. Ўзбекистон расмийлари унинг ҳибсга олиниши сиёсий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда. Айни пайтда “Ҳьюман райтс уотч” каби баъзи халқаро ташкилотлар С.Умаров тақдиридан қаттиқ хавотир билдиряпти.
XS
SM
MD
LG