Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячисининг уйи куйди


Лобар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Аъзамжон Фармоновнинг уйида ёнғин содир бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиси ва унинг яқинлари ёнғин атайин уюштирилганини айтмоқда.

Ёнғин юз берган вақтда А.Фармонов уйида бўлмаган. У ёнғин атайин уюштирилганини айтар экан, агар ўт электрдан чиққанида кейин уйда чироқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Аммо ёнғиндан сўнг ҳам уйда электр бўлган.

“Балконнинг деразасига плёнка қоқилганди. У йиртилиб, уй ичига нимадир отилган”, - деди А.Фармонов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, ўт чиқиш сабабларини аниқлаш учун Жиззахдан чақирилган мутахассис ҳам ёнғин уюштирилганини айтган. Бу хулосага ёнғин сабабларини ўрганаётган гулистонлик мутахассис ҳам қўшилган.

Т.Ёқубов бу ҳодиса жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари А.Фармоновнинг фаол иш олиб бораётгани билан боғлиқ эканини билдирди.

“Сўнгги вақтларда А.Фармонов анча сезиларли фаолият кўрсатаётганди. Гарчи бу фаолият қонунлар ижроси борасида бўлишига қарамай, ҳукумат доираларига ёқмаётганди. Ташкилот саъй-ҳаракатлари билан айрим раҳбарларнинг жиноий фаолияти ошкор бўлгандан кейин уларнинг баъзилари ишдан кетди. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши курашда шу йўлга (ўт қўйиш) ҳам ўта бошлади”, - деди Т.Ёқубов.

Гулистон шаҳри ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Қўчқоралиев ўт кетиш сабаблари жиноят қидирув ходимлари томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Унинг билдиришича, ёнғин юзасидан Гулистон шаҳри ички ишлар бўлими жиноят иши қўзғаган ва айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG