Линклар

Тошкент вилоятига янги ҳоким келди

  • Садриддин Ашур

Сўнгги бир ярим йил давомида Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаган, бир вақтлар Ўзбекистон ҳукуматида катта нуфузга эга бўлган Козим Тўлаганов 7 ноябрь куни ўз вазифасидан озод этилди.

Тошкент вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида мамлакат президенти Ислом Каримов К.Тўлагановни ишлаб чиқариш суръатини ошира олмаганликда, ердан унумли фойдалана олмаганликда, пахта режасини республикада охири бўлиб бажарганликда айблади.

Ёзилмаган мавжуд тамойил бўйича К.Тўлаганов ишдан бўшаш тўғрисида ўзи ариза бергани айтилди. Президент тавсияси билан вилоят раҳбарлигига Бекобод тумани ҳокими бўлиб ишлаётган Мирзомашраб Кўчиев сайланди.

Мустақил журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, К.Тўлаганов ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Тошкент сиёсий майдонига кириб келган, эски, чийланган ва сараланган кадрлардан бири. У қурилиш трестининг бошлиғи, шаҳар ижроия қўмитасининг қурилиш бўйича раиси ўринбосари, кейинчалик эса “Боштошкентқурилиш” раҳбари бўлиб ишлаган. У Тошкент шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган йилларида пойтахтдаги мувозанатни бирдай сақлай олган. Кейин бош вазирнинг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. У ўша пайтда аслида мамлакатдаги иккинчи раҳбарга айланган.

Баъзи кузатувчилар К.Тўлагановнинг ишдан олинганини мамлакатда авж олган уруғ-аймоқчилик иллати билан боғлашга ҳаракат қилмоқда. Аммо Ш.Убайдуллаев К.Тўлаганов мамлакатдаги бирорта кланларга яқинлашмаганини таъкидлади.

Унинг билдиришича, кейинги йилларда К.Тўлаганов оғир имтиҳонларга дуч келган. У Тошкент шаҳри ҳокими бўлиб ишлаганида ҳозирги бош вазир Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Мирзо Улуғбек туманини бошқарган. Орадан ўн йил ўтиб, бу сафар Ш.Мирзиёев бош вазир, К.Тўлаганов унинг биринчи ўринбосари лавозимида яна бир-бирига рўбарў келган. Орадан кўп ўтмай, К.Тўлаганов Тошкент вилояти ҳокими вазифасига жўнатилган.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатой фикрича, ҳозир мамлакатда кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш Ш.Мирзиёев маслаҳати билан бўлаётган бўлиши мумкин. Лавозимга тайинлаш эса пора орқасидан бўлади.

“Козим Тўлаганов, Исмоил Жўрабековга ўхшаганлар (Ўзбекистон учун) терроризмдан ҳам хавфлидир”, - деди Б.Чиғатой.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев К.Тўлагановнинг Тошкент шаҳри ободонлашишида ҳиссаси катталигини эътироф этиб, ҳукумат раҳбариятидаги малакасиз кадрлар ҳақида гап кетганда у истисно бўлганини таъкидлади. Сиёсатшунос ҳозирги раҳбарлар илгари К.Тўлаганов қўлида ишлагани унинг вилоят ҳокимлигидан кетишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Президент ишни яхши олиб борган, шу тизимнинг устуни бўлган кишиларни бир-бир ишдан олмоқда. Бунақа устунлар кетадиган бўлса, яқин кунларда том босиб қолмайдими”, - деди Т.Йўлдошев.

Ш.Убайдуллаевнинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятининг янги ҳокими М.Кўчиев Қоракўлда туғилган. Лекин Тошкент вилоятида узоқ йиллар ишлаган. Паркентда, Қибрайда ҳоким бўлган. Касби эса чорвадор.
XS
SM
MD
LG