Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

Бугунги ва кечаги моҳиятнинг фарқи


Шайбон

Сўнгги вақтларда АҚШ, умуман Ғарб давлатлари шаънига Ўзбекистон марказий нашрлари анча кескин гаплар айтмоқда. Ушбу мақолалар муаллифлари айрим ҳолларда АҚШни Ўзбекистонни ўз йўриғига юрита олмаётганидан ўпкалаётган мамлакат сифатида ҳам эътироф этди.

Шу сабабли яқин тарихимизга мурожаат қилиб, АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўша вақтлардаги муносабатига эътибор қаратишни лозим кўрдик.

“Моҳият” газетасининг 2002 йил 12 апрель сонидаги “Ўзгараётган тафаккур” сарлавҳали мақола Олий Мажлиснинг 8-сессиясидан репортаж кўринишида бўлиб, унда Президент Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Бу ҳаракатларда иштирок этаётган Ўзбекистон, АҚШ ва коалициядаги бошқа мамлакатларнинг манфаатлари бир-бирига мос келади. Биз Қўшма Штатлардан шунинг учун миннатдормизки, у бошқалар қила олмаган ишни қилди. Бу муаммолар МДҲ доирасида муҳокама қилинган кезларда қуруқ баёнотдан нарига ўтмас эди чамаси, бизда, бизнинг жанубий сарҳадларимизда жиддий хавф пайдо бўлганидан айримлар қандайдир қониқиш ҳосил қиларди. Бу йил баҳорда ёки ёзда бўладиган вазиятларга келадиган бўлсак, ўйлайманки, бу йил хавфсирашга ўрин йўқ, чунки террорчи ташкилотлар кучдан қолди”.

Табиий савол туғилади, нечун президентнинг миннатдорлиги узоққа чўзилмади, нега бирдан жанубий сарҳадларда жиддий хавф пайдо бўлганида қониқиш ҳосил қиладиган айримлар бугун бу хавфни маълум маънода бартараф этганлардан кўра азизроқ бўлиб қолди?

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, АҚШни гўёки Ўзбекистонда давлат тўнтариши уюштиришга уринаётган, Ўзбекистоннинг ер ости ва ва ер усти бойликларига кўз олайтираётган қилиб кўрсатаётганда озгина мушоҳада зарур, адолат, ҳақиқат ва мантиқ бўлиши керак.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, бир пайтлар Ўзбекистон сарҳадларида таҳдид пайдо бўлганини “қониқиш билан кутиб олган давлатлар” бугун ҳам аслида Ўзбекистонга қучоғини очаётгани йўқ. Бу давлатлар Ўзбекистон сиёсатидаги ўзгариш навбатдаги ўйин эканини яхши билади.

“Моҳият”даги юқорида тилга олинган мақолада президентнинг яна бундай сўзлари келтирилган: “Биз АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Айрим собиқ шўро давлатлари ҳар хил миш-мишлар тарқатмоқдалар. Биз аксилтеррор ҳаракатларда АҚШ билан бирга бўлиб, унга ўз аэродромимизни берганимизда, гўё АҚШ бизга 8 миллиард АҚШ доллари ажратди, қабилидаги ҳар хил иғвогарона гаплар пайдо бўлди. Бир гапни айтиб қўймоқчиман, бизни бизга ажратиладиган маблағлар эмас, узоқ муддатли ҳамкорлик қизиқтиради”.

Бу сўзларни ўқигандан сўнг аэродромнинг ёпилиш сабаблари ва тўланмаган айрим ҳақлар ҳақида бугунги ўзбек матбуотидаги мақолалар кишини ўйлантириши эҳтимол. Узоқ муддатли экани айтилган алоқалар эса негадир аранг уч йилга чўзилди...

Ш.Убайдуллаев президентнинг юқоридаги сўзларини ҳозир Ўзбекистон парламентида “кўкрак кериб ўтирган, сиёсий эътиқодларини даъво қилаётган бир қанча маддоҳ журналист-депутатлар”га ўқиб беришни исташини билдирди.

“Умуман, сўнгги вақтларда маддоҳликни байроқ қилиб, осмонга чиқариб юборган, айни пайтда президентни ҳам шарманда қилаётган айрим газеталаримизнинг бош муҳаррирларига ўқиб беришни истар эдим. Қолаверса, Ўзбекистон сиёсатини маддоҳликка айлантираётган кўпгина сиёсатдонларга ўқиб беришни истардимки, токи улар келажакда айтадиган гапларига миллат нуқтаи назаридан озгина инсоф, диёнат билан қарасин”, - деди Ш.Убайдуллаев.

А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, дастлаб Ўзбекистон Туркия модели асосида ислоҳотлар қилиши билдирган. Туркия билан муносабатлар совуқлашгач эса Жанубий Корея, Япония, ҳатто Хитой моделлари тўғрисида ҳам гап-сўз бўлган.

“Бироз вақт ўтгач, қарасак ўзимизга хос ва мос йўлни топишимиз керак экан, - дейди А.Аннаев. – Шундан кейин ақлга сиғмайдиган ислоҳотларнинг ўзбекона модели ишлаб чиқилди. Хуллас, Ўзбекистон сиёсатининг бундай турланишидан ҳайратга ҳам тушмаслик керак”.
XS
SM
MD
LG