Линклар

Озарбайжон мухолифати якшанба кунги парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини маълум қилди.


Бунга, мухолифатнинг таъкидлашича, овоз бериш жараёнида кўплаб жиддий қонунбузарликлар қайд этилгани сабаб бўлган.
Мухолифатнинг асосий тузилмаси бўлган Озодлик блоки етакчиларидан бири Исо Габмар 125 сайлов участкаларидан 100тасида натижаларнинг бекор қилиниши кераклигини айтмоқда.
Озарбайжон мухолифати чоршанба куни тинч намойиш ўтказишни режалаштирмоқда. Намойиш дастлаб сешанба кунига мўлжалланган эди.
Айни пайтда, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти якшанба куни ўтказилган сайловлар қатор демократик тамойилларга мос келмаганини баён қилди. ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳига етакчилик қилаётган ташкилот парламентлараро ассамблеяси раиси Алси Хастингс овозларни санашда қатор камчиликлар кузатилганини таъкидлади.
“Кеча бўлиб ўтган сайловлар ЕХҲТнинг қатор талаблари ва Европа кенгашининг демократик сайловларга оид меъёрларига жавоб бермади. Мен ва ҳамкасбларим овозларни санаш жараёни шу пайтгача эришилган ютуқларга путур етказганини қайд этишдан таассуфдамиз”, - деди ЕХҲТ расмийси.
Ҳозиргача овозларнинг 93 фоизи саналаган. 6 ноябр кунги сайловларнинг дастлабки расмий натижаларига кўра, иқтидордаги Янги Озарбайжон партияси парламентдаги кўпчилик ўринга эга бўлган.
Озарбайжон марказий сайлов комиссияси овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар бўлмагани ва сайлов натижаларини бекор қилишга эҳтиёж йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG