Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:35

Яна доллар тақчиллиги юзага келдими?


Феруза Ўзбекистон банкларида яна доллар тақчиллиги кузатиляпти. Фуқароларнинг сўмни АҚШ долларига алмаштириш учун валюта айрбошлаш шахобчаларида соатлаб навбат кутаётгани одатий ҳолга айланяпти.

Бу ҳақда маълум қилаётган манбалар мазкур ҳолат аҳоли ўртасида долларнинг сўмга нисбатан қиймати ошиб кетишидан ваҳима уйғотаётганини айтмоқда.

Марказий банкнинг валюта айрбошлаш бошқармаси вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда доллар танқислиги юзага келганини инкор қилди. Унинг айтишича, ҳар бир валюта айрбошлаш шахобчаси етарли миқдорда валюта билан таъминланяпти ва улар ҳеч қандай чекловларсиз савдо қилмоқда.

“Одамлар ўртасида шундай ваҳималар бўлди. Лекин бунга асос йўқ”, - деди Марказий банк вакили.

Аммо Тошкентнинг Олой бозори атрофида жойлашган валюта айрбошлаш шахобчалари олдидаги вазият Марказий банк вакилининг айтганларига шубҳа уйғотди. Зеро, шахобчалар олдида турнақатор тизилган, навбат кутавериб асабийлашган фуқаролар анчагина эди. Хусусан, бундай вазият Ипотека банкига қарашли шахобча олдида кузатилди.

“Бор-йўғи 200 доллар алмаштириш учун икки кундан буён навбат кутяпман”, - дейди мижозлардан бири.

“Ҳозир Қўйлиқ бозоридан келяпман. У ерда навбат катта экан. Бир шахобчада навбат эгалласам, соат 14.30 да доллар тугаб қолганини айтди. Бошқасида турсам, одам кўпайиб кетди. Сотувчи бизгача доллар етмаслигини айтгач, Олой бозорига келдим”, - дейди фуқаролардан яна бири.

Шу орада шахобча ходимаси доллар навбатда турган 3-4 кишигагина етиши хабар берди ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари кейинроқда турган фуқароларни тарқатишга киришди.

Умуман, доллар нархи ошар эмиш, деган миш-мишлар пайдо бўлгани сир эмас. Ипотека банки вакиллари юзага келган вазиятда банкнинг айби йўқлигини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, юзага келган вазият аҳолининг ўз-ўзидан ваҳимага тушаётгани билан боғлиқ.

Ипотека банки вакиллари банкнинг валюта айрбошлаш шахобчаларида иш одатдагидек силлиқ кетаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG