Линклар

logo-print

Жармахон Туяқбой: “30-йилларда ўзбеклар қозоқларни очарчиликдан қутқарганди, энди эса...”


Қозоғистонда бўлиб ўтадиган президент сайловида мухолифатнинг асосий номзоди сифатида иштирок этаётган Жармахон Туяқбой “Озодлик” радиоси учун махсус интервью берди.

Савол: Бир вақтлар Бош прокурор бўлган кишининг мухолифат етакчисига айланиши сабаблари нимада?

Ж.Туяқбой: Турган гап, бир кунда деярли бошқа одамга айланиш мумкин эмас. Ҳукумат томонидан қилинган кўзбўямачиликлар, номақбул ишлар бориб-бориб сабр косамни тўлдирди. Айниқса, парламент сайлови пайтида содир этилган қонунбузарликлардан кейин чидаб тура олмадим. Сайлов натижалари сурбетларча сохталаштирилди. Қанчалик адолатсизлик бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Кўплаб депутатлар турли хил қинғир йўллар орқали парламентга келди. Мен жаноб Назарбоевга мурожаат қилиб, сайлов чоғидаги қонун бузилиши ҳолатларини тартибга солишни сўрадим. У ҳеч қандай чора кўрмади. Билардимки, сайлов пайтидаги конунбузарликлар унинг хайрихоҳлигида қилинганди. Шундан кейин Назарбоев ёнида ва бундай ҳукуматда ишлашни хоҳламадим.

Савол: Сайловолди жараёни қандай кечяпти?

Ж.Туяқбой: Бизга қарши барча маъмурий ресурслар ишга солинган. Ҳукуматдаги барча ҳуқуқ-тартибот органлари, махсус хизмат вакиллари бизнинг сўзимиз, яъни ҳақиқат халққа етиб бормаслиги учун астойдил ҳаракат қиляпти.

Савол: Маълумотларга кўра, Қозоғистон аҳолисининг 2,5 фоизини, ярим миллиондан зиёдини ўзбеклар ташкил этади. Қозоғистонлик ўзбекларни қийнаётган муаммолардан хабардормисиз?

Ж.Туяқбой: Шубҳасиз, ўзбек миллий урф-одатлари, маданий-маънавий анъаналарининг сақланиши билан боғлиқ жуда кўп муаммо мавжуд. Ўзбекларнинг асосий қисми Жанубий Қозоғистон вилоятида яшайди. Бу вилоят аҳлининг асосий қисми камбағалликда кун кечиради. Ишсизлик, ойлик маошларнинг камлиги, бунинг устига, ўзбек оилаларининг кўп фарзандли экани. Вилоят аҳли турмуш тарзи жиҳатдан мамлакатнинг бошқа вилоятларига нисбатан анча қолоқ аҳволда.

Савол: Жанубий Қозоғистондаги 150 га яқин ўзбек мактабида қарийб 90 минг ўқувчи ўқийди. Ўзбек мактабларида бир қанча муаммолар борки, улар йиллар давомида ўз ечимини топмаяпти...

Ж.Туяқбой: Ўзбек мактабларидаги дарсликлар муаммоси ҳақида гапирсак. Буни ҳал қилиш учун ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш лозим. Айни пайтдаги мактаб дарсликларини наинки ўқувчилар, биз катталар ҳам ўқиб тушунмаймиз. Чунки улар чаласавод мутахассислар томонидан тайёрланган. Қозоғистонда таълим олган ўзбек фарзандларининг билим савияси ўзбекистонлик миллатдошлариникидан паст бўлмаслиги керак.

Савол: Ўзбек-қозоқ чегарасидаги муаммоларга ҳам тўхталсангиз.

Ж.Туяқбой: Тарихда бу икки давлат ўртасида чегаралар бўлмаган. Йиллар давомида икки миллат бир-бириникига эмин-эркин бориб келган. Ўтган асрнинг 30-йилларини эслайлик, миллионлаб қозоқлар Ўзбекистонга бориб, очарчиликдан қутулиб қолган. Бугунчи, минг-минглаб ўзбекистонликлар ўз оиласини боқиш ниятида Қозоғистондан паноҳ топмоқда. Масалан, айни пайтда Атиров вилоятида ўзбекистонлик 40 минг киши ишламоқда экан. Остона шаҳрида қанча ўзбек бор. Тўғри, давлатларимиз мустақил, ҳар бир давлатнинг ўз чегараси бўлиши керак. Лекин бугунгидек эмас. Чегарада мўътадил бир вазиятни юзага келтириш лозим.

Савол: Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида фикрларингиз қандай?

Ж.Туяқбой: Бугунги кунда Тошкент қамал қилинган шаҳарга ўхшайди. Ҳамма жойда блок постлар, бетон тўсиқлар. Менимча, жаноб Каримов ўз халқидан, ҳокимиятидан ажралиб қолишдан қўрқади. У халқи жуда камбағал, ўта ночор аҳволда эканини билади. Бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ўзбекистон масаласида бир нарсадан қўрқаман, яъни ўз вақтида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳатлар ўтказилмагани халқни ночорликка олиб келди. Вақти келиб халқнинг сабр косаси тўлиши мумкин. Бу эса қон тўкилишига сабаб бўлади. Бу жуда хавфли ва қўрқинчли. Энг ёмони, бугунги кунда жаноб Каримов ўрнига муқобил номзод ҳам йўқ. Чунки уларнинг барчаси қамоққа олинган ёки чет элларда қочиб юрибди. Худо сақласин, агар Каримовга нимадир бўлса, халқ қаерга боради? Ким уни бошқаради? Ундан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Агар жаноб Каримов халқи учун, унинг келажаги учун қайғурса, зудлик билан бу ҳақда (мамлакатда аҳволни яхши томонга ўзгартириш, ҳокимиятни бошқа одамга топшириш ҳақида) ўйлаши керак. Бундан бошқа йўл йўқ. Бошқаси фақат фожеага олиб келиши мумкин.

Савол: Андижон воқеаларига муносабатингиз қандай?

Ж.Туяқбой: Андижон воқеаларида қатнашмаганман, шунинг учун у ерда террорчиларми ёки тинч аҳоли бўлганми, аниқ айта олмайман. Айтайлик, у ерда эстремистлар бўлган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, ўз халқини бундай қонли йўл билан қириб ташламоқ оғир гуноҳ ва жиноят. Президент Каримов тушуниши керакки, бошқараётган халқни бахтли, буюк келажакка етказиш нияти бўлса, халққа эркинлик, иш бериши лозим. Шундагина меҳнаткаш ўзбек халқи бахтли ҳаёт кечиради.
XS
SM
MD
LG