Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Афғонистон қўшилди, навбат Россиягами?


Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотининг куни-кеча Бишкекда вазирлар даражасида ўтказилган учрашувида Афғонистон ҳам мазкур тузилма аъзолигига қабул қилинди.

Шундай қилиб, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Мўғулистон ва Хитой аъзо бўлган ушбу ташкилот сафи янада кенгайди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти атрофидаги мубоҳасалар қизиган бир пайтда, Марказий Осиë иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотининг кенгайиши унинг нуфуз ва мавқеига таъсир қиладими?

“Гарчи истиқболли имкониятлари бўлса-да, бу ташкилот ҳозирча фақат қоғоздагина мавжуд, холос. Агар бу гуруҳ ўзи даъво қилаётган мақсад, яъни минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўя бошласагина унинг мавқеида ўзгариш бўлиши ва бундан нафақат Афғонистон, балки бутун минтақа фойда кўриши мумкин”, - дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиë лойиҳаси раҳбари Майкл Ҳолл.

Унинг сўзларига кўра, ташкилотнинг амалда самарали фаолият кўрсатиши учун кўпгина тўсиқлар мавжуд. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар яқин-яқинларгача жуда ëмон эди. Чегара, захиралар, бозор, ер ва сувдан фойдаланиш каби ҳал этилмаган масалалар ҳам ўзаро иқтисодий ҳамкорлик йўлига катта ғов бўлмоқда.

М.Ҳоллнинг фикрича, кўпгина муаммоларни биргина телефон қўнғироғи билан ҳал қилиш мумкин. Аммо давлатлар раҳбарлари ўртасидаги шахсий келишмовчиликлар муаммони янада газак олдиради. Бундай ёмон шахсий муносабатлар минтақавий ҳамкорлик, хусусан, иқтисодий алоқаларни рағбатлантиришга эмас, балки сусайтиришга хизмат қилмоқда.

Афғонистон ҳукумати сиëсатида Вашингтон таъсири кучли экани кўпчиликка сир эмас. Шу боис, Афғонистоннинг мазкур ташкилотга аъзолиги АҚШ томонидан рағбатлантирилган, деган хулосага келиш ҳам мумкин. Бу хулоса АҚШ мазкур ташкилот доирасидаги ҳамкорликни рағбатлантирмоқда, дейишга асос бўладими?

“Менимча, АҚШ Афғонистоннинг қўшнилари билан интеграциялашуви¸ узоқ йиллик изоляциядан қутулиши ва минтақавий инфратузилмага қўшилишини истайди. Марказий Осиёдаги аксарият бирлашма ва ташкилотлар Россия ташаббуси билан ва унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда тузилгани ҳисобга олинса, АҚШ Афғонистоннинг Марказий Осиë иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотига аъзолигини қўллаш орқали Москванинг минтақадаги таъсирини чеклаш ва қудратли давлатлар манфаатларини мувозанатга солишга уринаëтган бўлиши мумкин”, - дейди М.Ҳолл.

Бишкекдаги учрашув декларациясида аъзо давлатлар Россияни ҳам ташкилотга қўшилишга даъват этди.

М.Ҳолл бунинг сабабларини изоҳлар экан, Марказий Осиë раҳбарлари, айниқса, қирғиз инқилоби ва Андижон воқеаларидан кейин Россия тимсолида ўз ҳокимиятлари сақланиб қолишидан манфаатдор кучли иттифоқчини кўраётганини таъкидлади. Унинг айтишича, шу сабабли минтақа давлатлари хоҳ хавфсизлик¸ хоҳ иқтисосий-сиëсий масалалар бўлсин, Россия, қайсидир маънода Хитой билан ëнма-ëн эканини кўрсатишдан манфаатдордир.
XS
SM
MD
LG