Линклар

Хоразм телевидениеси раҳбарсиз қолди


Феруза Хабарларга кўра, Хоразм вилояти телевидениеси раҳбари Аҳмад Нур ишдан олиниб, прокуратура томонидан унинг устидан жиноят иши қўзғатган.

Мазкур телевидение ходимлари ҳам Аҳмад Нурнинг ишдан олинганини тасдиқлади ва прокуратура ходимлари бухгалтерлик ҳисобларини текшираётганини қўшимча қилди. Аммо улар собиқ раҳбар устидан жиноят иши қўзғатилганидан бехабарлиги билдирди.

Вилоят прокуратураси вакили ҳам телевидение бўйича жиноят иши очилган бўлиши мумкинлиги, аммо тергов тугагунча, матбуотга бу ҳақда хабар берилмаслигини маълум қилди.

Телевидениеда узоқ йиллар ишлаган, собиқ раҳбарни билган манбанинг айтишича, Аҳмад Нур авваллари ҳам ўз мансабини кўп марталаб суиистеъмол қилган, телевидениега қарашли қимматбаҳо ускуналарни хусусий фирмаларга сотиш билан шуғулланган.

“Телевидение директори лавозимини эгаллаш учун анча маблағ сарф қилган Аҳмад Нур унинг ўрнини қоплаш мақсадида жиноий ҳаракатларни амалга ошириб, эҳтимол бу сафар қўлга тушган бўлса, ажаб эмас”, - деди манба.

Хоразмлик яна бир мустақил журналистнинг таъкидлашича, Аҳмад Нур журналистикадан мутлақо йироқ шахс ва унинг ишдан олиниши касбий фаолияти билан боғлиқ эмас.

“Прокуратура унинг устидан катта миқдордаги маблағни солиқдан яшириш жинояти бўйича иш қўзғагани рост бўлса керак. Телевидениеда муҳит ёмон. Бир неча гуруҳлар бўлиб, бир-бирининг устидан факт тўплаб юради”, - деди мустақил журналист.
XS
SM
MD
LG