Линклар

logo-print

Халқ банки уруш қатнашчисини алдади..ми?

  • Садриддин Ашур

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, биринчи гуруҳ ногирони Адибой Марайимов Наманган вилоятининг Чоркесар қишлоғида яшайди. 1994 йилда хотини, сал кейинроқ икки ўғли вафот этиб, 10 невараси билан қолган.

Отахон бундан 10 йил аввал, 1995 йилда Халқ банкининг Намангандаги филиалига 8 невараси номига 200 сўмдан, биттасига 3 минг сўм, бирига 2 минг сўм омонат қўйганди. Банк ходимларининг “невараларингиз 16 ёшга тўлгунча, бу пулга ҳар йили 100 фоиздан қўшилиб боради, мактабни тугатса, ўқиш харажатларига асқотиб қолади”, деган гапларига ишонганди.

Аммо отахон банкирларнинг гапларига чув тушганини орадан 10 йил ўтгандан кейингина билди. Йўқ, унга “пул бермаймиз”, дейишаётгани йўқ. Фақат омонат дафтарчасидаги пулларнинг 10 йил давомида йиғилган миқдори отахонни таажжубга солмоқда. Унинг айтишича, 1995 йилда у банкка қўйган омонатининг 200 сўмига ўша пайтда 20 килограмм гўшт берарди.

“Ҳисоблаб кўрсам, 10 йил ичида бир неварамники 200 минг сўмга яқин бўлиши керак экан. Банкдагилар эса шу давр ичида бу пулни 2038 сўм кўпайтирибди. Бу пулга бир килограмм гўшт ҳам бермайди”, - дейди А.Марайимов.

Отахон “банк етимлари ҳақига хиёнат қилгани”дан шикоят қилиб, бормаган жойи қолмаган. Аммо ҳамма жойда банк қонунларни бузмагани ҳақида жавоб олган.

“Ҳоким ҳам, прокурор ҳам, милиция бошлиғи ҳам банк раҳбарини чақириб, менинг пулимни беришни тайинлайди. У “хўп”, дейди, лекин ўн ойдан буён бермайди”, - деди отахон.

Халқ банки масъул ходимларидан бири Муҳиддин Саидовнинг таъкидлашича, банк мижоз билан шартнома тузганда пулнинг қадрсизланишини қоплаш мажбуриятини олмайди. Қолаверса, банкка мижоз бўлиш мажбурий эмас, ихтиёрий. Шунинг учун ҳам бу ўринда банкнинг отахонга берадиган ортиқча пули йўқ.

Отахон “Озодлик” радиосидан чиқиб, Халқ банки раҳбариятига мурожаат қилиш учун ўша ёққа йўл олди. Ҳозир унинг муаммоси қанчалик ҳал бўлгани номаълум.

Мазкур масала юзасидан фикр билдирган мутахассис - “Пахтабанк” методология бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, отахон банк билан омонат тури юзасидан тузган шартнома бўйича ҳуқуқшунос маслаҳатини олиши керак. Агар банк шартномани бузгани аниқланса, уни судга бериш лозим. Масалани ҳал қилишнинг ягона йўли шу.
XS
SM
MD
LG