Линклар

Турсунали полвоннинг орзуси


Феруза Шу кунларда Тошкентнинг “Чилонзор” буюм бозори олдидаги майдонда дорбозлик, масхарабозлик, полвонлик санъатини намойиш этаётган халқ гуруҳининг томошалари кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Авваллари очиқ майдонда томоша кўрсатиб, халқни ўзига чорловчи бундай гуруҳларни кўп учратиш мумкин эди. Аммо ҳозир улар жуда камёб бўлиб қолди.

“Чилонзор”да ўйин кўрсатаётган гуруҳ раҳбари, машҳур полвон Турсунали Муҳаммад “Озодлик” мухбири билан суҳбатда дорбозлик санъати бугунги кунга келиб инқирозга юз тутиб бораётганидан афсус билдирди.

“Минг афсуски, 2004 йилда ўтказилган кўрик танловда 4 та дор гуруҳи қатнашди. Дорбозларимиз тирикчилик ташвишиданми, секин-секин бошқа касбларга ўтиб кетяпти. Фидоийларгина қолди, холос. Энди уларни қўллаб-қувватлаш пайти келди”, - дейди полвон.

Дорбозлик санъати, полвонлар томошалари халқ йиғинлари билан тирик. Томошалар очиқ майдонда ўтказилгани боис, ҳамма учун текин. Ҳиммат қилганлар уларнинг санъати учун кўнглидан чиқариб бериб кетади.

“Томоша кўрсатиш имкониятимиз йўқолдими, дорбозлик томом бўлади. Чунки болаларимиз санъатни ана шу йиғинларда ўрганади. Йиғин бизнинг мактабимиз, институтимиз. Худо берса, томошалардан бирор даромад топамиз. Еганимизга етадиганидан бошқа нарса топмаган пайтимиз ҳам бўлади”, - дейди Т.Муҳаммад.

Турсунали полвоннинг айтишича, болаларга дорбозликни ўргатиш қийин эмас. Чунки невараларининг ўзи ақлини таниганидан дорга чиқиш, илон ўйнатишга чоғланади. Уларни бирор ишга мажбурлаш йўқ.

Т.Муҳаммад ўзбек миллий цирк санъати – дорбозлик, полвонликни ўргатадиган марказ очиш орзуси борлиги, бироқ бу орзуни амалга оширишга ҳозирча иқтисодий имконияти йўл қўймаётганини билдирди.

“Дунёда санъатимизга қизиқиш кучли. Хорижда ўзбек санъати кунлари ўтказилса, эстрада хонандалари олиб бориляпти. Хорижликларни эстрадамиз билан қойил қолдириш жуда қийин. Ҳамма жойда миллий-анъанавий санъат юқори ўринда туради”, - деди Турсунали полвон.
XS
SM
MD
LG