Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:30

ЕИ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда


Европа Иттифоқига раислик қилаётган Буюк Британия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан ташвиш билдирди. Бу ҳақдаги баёнот ЕИга аъзо 25 давлат ташқи ишлар вазирларининг позициясини ҳам англатади.

Баёнотда Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва ўзгача фикрловчи кишиларга тазйиқ кучайганидан хавотир акс этган. Унда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ҳибсга олингани борасида ташвиш изҳор этилади.

Бундан аввалроқ Европа парламенти ҳам инсон ҳуқуқларини топтаётгани ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилган эди.

“Андижон шаҳрида май ойида юзлаб одам қирғин қилинди, шу воқеалардан кейин инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таъқиблар мисли кўрилмаган даражада кучайди. Ўзгача фикрга қарши бу каби усулда курашиш Ўзбекистондаги тузумнинг халқнинг иқтисодий ва сиёсий эркинликлар, суд ислоҳотлари борасидаги хоҳиш-истагини ҳазм қила олмаслиги маҳсулидир”, - деган эди Европарламент вице-президенти Алейо Видал Куадра Рока.

ЕИда Ўзбекистонга қарши жазо чораларини кучайтиришга чақириқлар кучаймоқда. Аввалроқ ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда ўтган учрашувида Ўзбекистонга санкциялар жорий этилганди. Ташкилот Ўзбекистонга қурол эмбаргоси қўллаш ва ўзбек расмийларига виза беришни тўхтатишга қарор қилганди.

ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан тутаётган кескин сиёсатини АҚШ томони ҳам қўллаб-қувватламоқда.
XS
SM
MD
LG