Линклар

Давлат департаменти бир ён, халқаро қўмита бир ён

  • Замира Шукур

АҚШ Конгресси томонидан молиялаштириладиган Диний эркинликлар халқаро қўмитаси Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари, хусусан, диний эркинликлар қаттиқ топталиб келинаëтган мамлакат сифатида эътироф этди.

Аксарият ўзбекистонликлар, халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, кузатувчилар бу ҳолатни эътироф этаётган бир пайтда АҚШ Давлат департаменти халқаро қўмита баҳосига қўшилмади. Департамент расмийларидан бири Вашингтон “Ўзбекистонни вазият энг ëмон мамлакатлар сафига қўшиш Хонободдан Америка ҳарбийларининг ҳайдалиши учун қасос сифатида қабул қилиниши ва ҳисоботнинг сиёсийлашуви”ни истамаганини билдирди.

Давлат департаментининг бу қадами аксарият конгрессменлар ва сенаторлар қарашига ҳам мос келмайди. Чунки улар Андижон воқеаларидан сўнг Буш маъмуриятидан Ислом Каримов ҳукуматига кескин позицияда туришни талаб қилиб келяпти.

“Ўзбекистонда мустабид золим ва диктатор ҳукмронлик қилмоқда ва биз унга муносабатда янада танқидийроқ бўлишимиз керак”, - деган эди республикачи конгрессмен Дана Рорабаҳер Андижон воқеаларидан кейин.

Давлат департаменти тутган позиция натижасида Ўзбекистон диний эркинликлар вазияти ўта ташвишли мамлакатлар сирасига киритилмади. Бу эса Андижон воқеаларидан кейин Вашингтон Ўзбекистондаги вазиятга одилона баҳо бера бошлагани, мустабид тузумдан узоқлашишга киришгани тўғрисида ўйлаётганлар учун кутилмаган янгилик бўлди.

Жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл департамент расмийси изоҳидан хулоса қилиб, аслида АҚШ ташқи сиёсат маҳкамасининг қарори сиёсий эканини таъкидлади.

“Америка Ўзбекистонни диний эркинликлар борасида алоҳида ташвишга молик давлатлар сафига қўшмаганидан ҳафсалам жуда пир бўлди. Бу мамлакатдаги диний эркинликлар вазияти даҳшатли ва у кун сайин ëмонлашиб бормоқда. Минг-минглаб одам фақат диний эътиқоди учунгина қамоқларга ташланган, Андижон воқеаларидан сўнг мусулмонларни таъқиб қилиш янада кучайди. Аммо бу ҳақиқатни баралла айтишга АҚШда сиëсий ирода етишмади”, - деди.

“Озодлик” мухбирлари билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик оддий мусулмонлар ҳам А.Гилл фикрига қўшилди ва Андижон воқеаларидан сўнг вазият, айниқса, ëмонлашганини тилга олди.

Фарзанди яқинда 18 йилга қамалган онанинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати намоз ўқиганларни қамамоқда, шу йўл билан фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигини топтамоқда.

Аммо Ўзбекистон расмийлари мамлакатда диний эътиқод эркинлиги топталаётганини қатъий рад этяпти. Ҳукуматга қарашли дин ишлари ташкилоти вакилларидан бири мамлакатда диндорлар ҳуқуқларига тўла риоя қилинаётгани билдирди. У, шунингдек, ваҳҳобийлик, “Ҳизб ут-таҳрир”, акрамийлик каби диний оқимларга аъзоликда айбланиб, ўлимга, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган кишилар шунчаки намоз ўқийдиган оддий мусулмонлар эмас, балки “конституциявий тузумга тажовуз қилган, террорчи кимсалар” эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG