Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Козим Тўлаганов “оппоқ”миди?


Тошкент вилояти ҳокими Козим Тўлаганов ишдан олиниши муносабати билан “Озодлик” радиосида тайёрланган лавҳада маҳаллий кузатувчилар унинг фаолиятига анча илиқ муносабат билдирганди.

Шундан сўнг радиога қўнғироқ қилган баъзи тингловчилар бу лавҳада К.Тўлаганов фаолиятига ортиқча баҳо бериб юборилганини таъкидлади.

Ўзини тошкентлик Қодиров деб таништирган тингловчининг сўзларига кўра, Тошкент шаҳридаги қурилишларда К.Тўлагановнинг ҳиссасини эътироф этиш керак. Лекин бу ишлар замирида бойлик орттириш ётгани эсдан чиқмаслиги лозим.

“К.Тўлаганов ака-укаларига энг ёғли жойларни берди. Бўстонлиқда ўзининг 3 гектарли дала ҳовлиси бор. Иморатлари даҳшат. Беруний кўчасида қизига уч қаватли ҳашаматли уй қуриб берди. Бу уйлар қайси меҳнат, қайси пуллар эвазига келганини халқ яхши билади. Ҳамма ҳокимлар шундай. Уларнинг ишдан олингани тўғри. Улар нафақат ишдан олиниши, балки халқ олдида жавоб бериши керак. Уларнинг мол-мулкини мусодара қилиб, камбағалларга бериш зарур”, - деди Қодиров.

Энди К.Тўлаганов ишдан олинган сессияда президент Ислом Каримов нутқига эътибор қаратсак. Бу нутқ одатдагидек, асосан, маҳаллий ҳокимларни танқид қилиш руҳида ўтди. Давлат раҳбари уларни халқдан узилиб қолиш, аҳоли турмуш тарзи ва яшаш шароити билан қизиқмасликда айблади.

И.Каримовнинг таъкидлашича, К.Тўлаганов раҳбарлик қилган Тошкент вилоятида ер тақсимлашда ошна-оғайнигарчиликка, таниш-билишчиликка йўл қўйилган.

“Улар ерни нимага олган? Авваламбор, ерни бошқаларга бериб, ўзи меҳнат қилмасдан даромад олади. Бизда ёмони шуки, собиқ раҳбарлар ишдан кетгач, ўрнига келган амалдорларга фермер бўлиш учун ариза беради. Умрбод тоза хоналарда ўтирган кишилар эртага ер олиб, кетмон кўтарармиди”, - деди Ўзбекистон раҳбари.

“Озодлик” радиоси тингловчиларидан бирининг билдиришича, президент айтган танқидий гаплар халққа жуда ёқади. Чунки уларда халқнинг дарди акс этади. Аммо бу гапларнинг самараси бўлмайди, улар амалга ошмай қолади.
XS
SM
MD
LG