Линклар

Россия ва ЕИ Ўзбекистон масаласида келишувга интилмоқда

  • Замира Шукур

Хабарларга қараганда, Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги мулоқот доирасида 9 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган музокараларда бошқа турли масалалар қаторида Ўзбекистон мавзуси ҳам кўтарилган.

Музокараларда ЕИ томонидан иттифоқнинг амалдаги раиси Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жек Стро, келгуси йилдан бўлажак раиси Австрия ташқи ишлар вазири Урсула Пласник, ташкилотнинг ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер ва ЕИ ташқи сиëсати етакчиси Хавьер Солано иштирок этди.

Ўзбекистон масаласи Россия президенти Владимир Путин ва Буюк Британия бош вазири Тони Блэрнинг 4 октябрь куни Лондонда ўтказилган учрашувида ҳам тилга олинганди.

ЕИ ва Россия ўртасидаги мулоқотларда Ўзбекистон масаласи тез-тез юзага чиқаётганига алоҳида сабаблар мавжуд. ЕИ ва унга аъзо давлатлар, биринчи навбатда Буюк Британиянинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби Ўзбекистон, шунингдек, ҳозир уни халқаро майдонда қўллаб келаётган Россия томонидан салбий кутиб олинган. Шу сабабли айни пайтда ЕИ, жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистон билан муносабатлари анча совуқлашган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пол Берн Лондон ва Тошкент ўртасидаги мулоқот анча сусайиб қолганини, айни пайтда томонлар Ислом Каримовнинг ҳозирги иттифоқчиси Россия воситачилигига муҳтож эканини таъкидлади.

“Шу боис, Ўзбекистон масаласининг аввал Лондон, энди эса Москвада муҳокама қилинишидан ажабланмаса ҳам бўлади”, - деди Пол Берн.

Шунга қарамай, Россия ташқи ишлар вазирлиги Москва учрашувида Ўзбекистон масаласи кўтарилганини тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.

Москва учрашуви арафасида ЕИ ташқи алоқалар комиссари Б.Ферреро-Валднер хоним Ўзбекистон масаласида Россия билан ёндашувларни яқинлаштиришга уриниб кўрилиши ҳақида баёнот берганди.

“Зотан, ЕИ ва Россия бу мамлакатда яхшироқ ҳукумат, инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ва демократия томон илгарилаш бўлишдан манфаатдор”, - деганди Б.Ферреро-Валднер.

Сиëсий таҳлилчи Толиб Саидбоев фикрича, бундай яқинлашиш учун замин бор. Ўзбекистон ЕИ ва Россия ўртасида эришилиши мумкин бўлган келишувга кўнмай иложи йўқ. Ўз ўрнида Россия ҳам бу масалада ЕИ билан муносабатлари ёмонлашишини истамайди. Шунинг учун Россия Ўзбекистон масаласида ЕИ билан ўзаро келишувга эришишга ҳаракат қилади. Аммо Россия бу муаммо бўйича якдилликка келиш учун вақтни чўзишга уринаётган кўринади.

Мустақил кузатувчи Виталий Портников эса бу масаланинг кун тартибига киритилиши қуруқ расмиятчилик экани, томонлар ëндашувини яқинлаштириш иложсизлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Россия ва унинг Ғарбдаги шериклари манфаатлари бир-бирига зид экани очиқ кўриниб турибди. Постсовет ҳудудида ўз гегемонлигини сақлаб қолиш қайғусида бўлган Россияни сиёсий тузум табиати, демократия ва сўз эркинлиги каби стандартлар мутлақо қизиқтирмайди. Европа Иттифоқи учун эса бу ҳудудларда геосиёсий вазиятдан кўра сиëсий стандартлар муҳимроқ.

Россия ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан ëндашувини бундан кейин ҳам беэътибор қолдиришини айтаётган В.Портниковнинг сўзларига кўра, бу масала кун тартибига қўйилишидан мақсад имконсиз ишни бажариш эмас, балки жамоатчилик олдида обрў олишдир.
XS
SM
MD
LG