Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:36

Давлат департаменти Ўзбекистонни “алоҳида саккизлик”ка киритмади


АҚШ Давлат департаменти халқаро диний эркинликлар бўйича жорий йилги ҳисоботида саккиз давлатни бу борадаги вазият “алоҳида ташвиш уйғотувчи” мамлакатлар сирасига киритди.

Етти йилдирки, Эрон диний эркинликларни қўпол бузувчи давлат сифатида рўйхатда биринчилар қаторида турибди. Ҳисоботда Ўзбекистон ва Туркманистон диний эркинликларни топтаётган мамлакатлар сифатида эътироф этилган, аммо диний эркинликлар қўпол бузилаётган давлатлар рўйхатига қўшилмаган.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳисоботга диний эркинликлар вазияти алоҳида ташвиш уйғотаётган 8 давлат сирасига Бирма, Хитой, Шимолий Корея, Эритрея, Эрон, Саудия Арабистони, Судан ва Вьетнам киритилганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Давлат департаменти мазкур давлатларда диний эркинликлар вазиятини яхшилашга ҳаракат қилади ва бу борада лозим кўрилган дипломатик жазо чораларини қўллаши мумкин. Гарчи АҚШ Эрон билан дипломатик муносабатларга эга бўлмаса-да, халқаро тузилмалар орқали унга босим ўтказишга қодир.

Ҳисоботда Ўзбекистон фуқаролар диний эркинликларига тоқат қилмайдиган оз сонли давлатлар қаторида тилга олинади. Диний эркинликлар халқаро қўмитаси раҳбари Жон Ҳанфорднинг айтишича, Ўзбекистоннинг дин тўғрисидаги қонуни халқаро меъёрларга зид бўлиб, ҳукумат бу ҳужжатни мусулмонларга ҳам, насронийларга ҳам қарши қўллаб келмоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати экстремистик ташкилотларга аъзо, мавжуд конституциявий тузумга қарши ҳаракат қилганлик каби бўҳтон айбловлардан бегуноҳ диндорларни қатағон қилишда баҳона сифатида фойдаланиб келмоқда”, - деди Жон Ҳанфорд.

Жорий йил май ойида инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бир нечаси Ўзбекистон ва Туркманистонни диний эркинлик борасидаги вазият “алоҳида ташвиш уйғотувчи” давлатлар қаторига қўйишни талаб қилганди. Аммо ҳисоботдан кўриндики, Давлат департаменти бу талабни инобатга олмади.

Диний эркинликлар вазиятини кузатиб борувчи “Форум 18” гуруҳи раҳбари Феликс Корли фикрича, Ўзбекистон ва Туркманистон собиқ совет республикалари орасида диний эркинликларни энг қўпол бузувчи давлатлардир.

“Бу икки давлатда диний фаолият устидан кучли назорат ўрнатилган. Масалан, Туркманистонда ҳукумат диний жамоаларга қарши тез-тез рейдлар ўтказиб туради, милиция диндорларга ўта қўпол муносабатда бўлиб, уларни калтаклайди. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш манзарани кузатиш мумкин”, - деди Ф.Корли.

Давлат департаменти ҳисоботида Россия ва Озарбайжондаги вазият ҳам танқид қилинади. Унда таъкидланишича, бу давлатларда қонунлар диний эркинликларни ҳимоя этадиган даражада эмас. Грузияда эса диний эркинликлар борасида сезиларли ижобий силжиш кузатилган.
XS
SM
MD
LG