Линклар

Байрамда ҳам улар шаънига яхши гап айтилмади


Феруза Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда милиция ходимларининг касб байрами нишонланадиган аниқ сана расман белгиланмаган. Аммо мамлакатдаги ички ишлар ходимларининг ўзи 10 ноябрни милиция куни сифатида байрам қилади.

Айни шу сана собиқ иттифоқда милиционерларнинг касб байрами сифатида нишонланарди. Ҳозир ҳам Россия ва МДҲдаги баъзи давлатларда бу анъана сақланиб қолган.

Ўзбекистонда милиционерларнинг касб байрами расман тантана қилинмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб берган ички ишлар ходимларидан бири бу ҳолатни Ўзбекистонда милиция тўғрисидаги қонун йўқлиги билан изоҳлади.

Ўзбекистонда ички ишлар тизимида қанча киши ишлаши, милиционерлар тайёрлайдиган ўқув муассасаларига ҳар йили неча абитуриент ҳужжат топшириши тўғрисидаги саволларга на ҳуқуқ-тартибот ходимларидан, на Давлат статистика қўмитасидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган фуқаролар фикридан ўзбек жамиятида ички ишлар ходимларига муносабат, юмшоқроқ қилиб айтганда, унча яхши эмаслиги маълум бўлди.

“Улар халқни тирикчилик қилишга қўймаяпти. Улар бандит-ку! Биз очиқда юрибмиз десак ҳам аслида қамоқхонада яшаяпмиз”, - деди суҳбатдош оддий фуқаролар.

Зиёли Шамсиддин Кабировнинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жуда кўп хатти-ҳаракатларини қонунбузарлик, дейиш мумкин. Уларнинг ваколати ошириб юборилганидан халқ жабр кўрмоқда.

Кузатувчи Кушодбек Усмоновнинг айтишича, илгари милиционерларнинг ўзлари фуқароларни дўппосларди. Ҳозир эса жиноятчилар билан тил бириктириб, одамларни уларга урдирмоқда.

Ички ишлар вазирлигида бу мавзуда фикр билдирадиган бирорта мутасадди топилмади.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, милиция тўғрисидаги қонун қабул қилинса-да, у ишламаса, ундан ҳеч қандай фойда бўлмайди. Шунинг учун, аввало, қонунлар амалда ишлашига эътибор қаратиш зарур.
XS
SM
MD
LG