Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:38

ОТБ қишлоқ ўқувчиларини компьютер билан таъминлайди


Феруза 9 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасида қиймати 30 миллион доллар бўлган заём шартномаси имзоланди. Бу маблағ мактабларда ахборот коммуникацияси тизимини ривожлантиришга сарфланади.

ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Бекзод Раҳматовнинг сўзларига кўра, банк таълим тизимини Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликдаги асосий йўналиш ҳисоблайди. Бу гал имзоланган шартнома мамлакатнинг, асосан, чекка ва узоқ қишлоқларидаги умумтаълим мактабларининг ярим миллиондан зиёд 5-9 синф ўқувчиси ва 90 мингга яқин ўқитувчисини қамраб олади.

Мазкур шартнома ОТБ президенти Харухико Куроданинг Ўзбекистон молия вазири Саидаҳмад Раҳимов билан учрашуви чоғида имзоланди. Вазирлик матбуот котиби Гулноза Солиҳованинг айтишича, томонлар яқин 2,5 ой ичида янги ҳамкорлик режаларини ОТБ директорлар кенгашига тақдим этиш масаласини ҳам муҳокама қилган. Янги режада Навоий ва Қашқадарё вилоятлари қишлоқларини сув билан таъминлаш ва санитария вазиятни яхшилаш лойиҳаси ҳам бўлиб, бу лойиҳага ОТБ 25 миллион доллар кредит ажратишни мўлжаллаган.

“Озодлик” мухбири ОТБ Ўзбекистонга ажратаётган кредитлар ва уларнинг самарадорлиги юзасидан баъзи таҳлилчилар фикрини ўрганди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимида қандайдир ўзгариш бўлмаса, ажратилаётган кредитлар мамлакатда иқтисод ёки таълим соҳасида бирор самара беришини тасаввур қила олмаслигини таъкидлади.

“ОТБ шу пайтгача Ўзбекистон халқ таълимини ривожлантириш учун ажратган маблағлар сезиларли самара бергани йўқ. Бу галги улкан маблағ ҳам мамлакат амалдорларининг қон-қонига сингиб кетган коррупция учун янги озуқа – ўлжа бўлади”, - деди жамиятшунос.

Мустақил таҳлилчи Алишер Таксановнинг таъкидлашича, ОТБ жуда хайрли мақсадлар учун кредитлар ажратмоқда. Агар бу кредитлар ахборот коммуникацияси технологиясини ривожлантиришга сарфланса, ўқувчи ва муаллимларга компьютер ва Интернетдан фойдаланиш имкониятини яратса яхши. Аммо мактаблар фақат кўргазма учунгина компьютерлаштирилса, ундан ҳеч қандай фойда бўлмайди.

Янги кредитни ҳам қўшиб ҳисоблаганда ОТБнинг Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришга ажратган маблағи 260 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG