Линклар

Бош прокуратура эътироз қилмоқда


Шайбон Ўзбекистон Бош прокуратураси Санжар Умаров иши бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатларига қўпол равишда аралашиш ва босим ўтказишга уриниш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида баёнот берди.

Прокуратура фикрича, асосий босим Интернетда эълон қилинаётган айрим мақолалар воситасида ўтказилмоқда.

“Нефтгазтранс” корхонаси раҳбарияти Интернетда раддия тарқатиб, жиноят иши масаласида “ундай қўйилаётган айб бундай, аслида Санжар Умаров бу ишни қилмаган” каби даъволарни келтирган. Кечирасиз, нима Интернет процессуал қарор қабул қиладими? Қолаверса, агар “Нефтгазтранс”да Умаровнинг беайблигини исботловчи ҳужжатлар бўлса, нега уларни терговчига тақдим қилмаяпти? Бу дастлабки тергов органларига очиқдан-очиқ босимдан ўзга нарса эмас”, - деди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, айни кўринишдаги мақолаларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад терговни чалғитиш, уни нотўғри йўналишга бошлашдир. Аслида терговнинг “нохолис ва уюштирилган сценарий асосида олиб борилаётгани” ҳақида гапиришга мутлақо асос йўқ.

“Бизга (прокуратурага) нисбатан эътирозлар бўлиши мумкин эмас, ахир биз очиқ фаолият олиб боряпмиз”, - деди С.Ортиқова.

Прокуратура ходимларида эътироз уйғотган раддия “Нефтгазтранс” қўшма корхонаси раҳбарияти” имзоси билан бундан бир қанча вақт муқаддам Интернетда эълон қилинганди. Унинг муаллифлари прокуратуранинг “Нефтгазтранс” борасидаги даъволари асоссизлиги, С.Умаров қўшма корхонага раҳбарлик қилмаганини билдирганди. Боз устига, “раҳбарият” нефть маҳсулотлари савдо бўйича барча ҳужжатлар расмийлаштирилгани ва савдони божхона ва тегишли бошқа идораларга тақдим қилмай амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлаганди.

Хўш, Интернетда эълон қилинган бу каби мақолани дастлабки тергов жараёнига аралашиш ёхуд босим ўтказишга уриниш сифатида баҳолаш мумкинми?

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг сўзларига кўра, Интернетдаги бундай мақолаларни терговга босим сифатида баҳолаш нотўғри. Чунки Интернетга ҳар ким нимадир жойлаштира олади. Масаланинг иккинчи томони, бу раддия сохта бўлиши ҳам мумкин. Шу нуқтаи назардан прокуратура эътирозлари ҳам ўринли бўлса, ажаб эмас.

Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни ҳибсга олинган С.Умаров укаси Аброр Умаров билан биргаликда “Нефтгазтранс” корхонаси орқали нефть маҳсулотлари сотиб, 3,5 миллиард сўмни ўзлаштириб юборганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG