Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:18

МХХ А.Волосевични “иғвогарлик ва тутуруқсиз даъво” қилишда айблади


Шайбон Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “Фергана.ру” сайтининг мамлакатдаги мухбири Алексей Волосевичга уюштирилган ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.

МХХ вакили Олимжон Тўрақуловнинг айтишича, А.Волосевич ўзи билан номаълум шахслар ўртасида бўлиб ўтган воқеага МХХни айблаши “тутуруқсиз даъво”дир.

“Қолаверса, жамиятга миллий тотувликни сақлаш фаолият йўналишларидан бири бўлган МХХни антисемитизм хатти-ҳаракатларида айблашни очиқдан-очиқ иғвогарлик сифатида баҳолаш мумкин”, - деди О.Тўрақулов.

О.Тўрақулов А.Волосевич билан бўлиб ўтган воқеа юзасидан барча версиялар, жумладан, журналист шов-шув кўтариш мақсадида ҳужумни ўзи уюштирган бўлиши мумкинлиги ҳам эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.

А.Волосевич эса МХХ вакилининг сўнгги тахминини “ўз айбини яширишга уриниш” сифатида баҳолади.

“Уларнинг тахминидан келиб чиқсак, гўёки мен уйимдан чиқиб, устимга қандайдир бўёқлар ағдариб, лойга беланиб, уйимга қайтиш давомида ўзимни ҳақорат қилувчи турли гапларни деворга ёзган бўламан. Мен буни ўз айбини яшириш учун барча айбни жабрланувчи зиммасига юклашга уриниш ҳисоблайман”, - деди журналист.

Унинг сўзларига кўра, Юнусобод тумани ички ишлар ходимлари ҳужум сабаблари ҳақидаги тахминлари билан танишгач, нима қилишини билмай қолган.

“Агар шунчаки безорилик бўлганида улар ўз маълумотчиларини ишга солиб, безориларни зумда топишга киришарди, аммо негадир улар ҳамон ишни қай тарзда олиб боришни билмай ҳайрон”, - деди А.Волосевич.

Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси вакиллари бўлиб ўтган воқеа ўрганилаётгани, якуний хулоса чиқариш учун етарли маълумотлар йўқлигини билдирди.

Демак, девордаги ёзувлар, журналистнинг ташқи кўриниши қайси йўналишда иш олиб бориш учун етарли асос бўла олмайди.

Боз устига, А.Волосевичнинг таъкидлашича, воқеа жойида иш олиб борган суд тиббий экспертизаси ходимаси журналистга девордаги ёзувлар ирқий камситиш саналмаслиги, бунинг учун жиноятчи ҳеч қурса, ирқий камситиш мазмунидаги варақа тарқатган бўлиши кераклигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 9 ноябрь куни А.Волосевичга ҳужум уюштирилиб, номаълум шахслар уни калтаклаган ва устига буёқ тўкиб кетганди. Уйи деворларига эса бир гуруҳ ўсмирлар “Волосевич ҳезалак, сотқин, ислом дини ҳақида тасаввурга эга бўлмаган яҳудий” каби сўзларни ёзиб ташлаганди. Журналист бу ҳужум МХХ томонидан уюштирилганини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG