Линклар

logo-print

Ғиждувонда “Эрк” партияси аъзоси ҳибсга олинди

  • Садриддин Ашур

10 ноябрь куни “Эрк” демократия партиясининг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани бўлими раҳбари Жамол Қутлиев ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан унинг уйи ва ишхонасида тинтув ўтказилди.

Ж.Қутлиев “Эрк” партияси ташкил топгандан буён унинг аъзоси. Ёши 57 та бўлиб, Ғиждувондаги болалар хусусий шифохонаси бош шифокоридир.

Унинг ўғли Ғайратнинг айтишича, уйда ва отасининг ишхонасида ўтказилган тинтув вақтида “Эрк” газетасининг 90-йиллар бошида чиққан сонлари, 1995 йилда нашр қилинган “Форум” газетаси, халқ ҳофизи Дадахон Ҳасан қўшиқлари ёзилган икки кассета олинган.

Миллий хавфсизлик хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Олимжон Тўрақулов Ж.Қутлиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади, аммо бунинг сабаблари ва унга қўйилаётган айблар ҳақида кейин хабар берилишини маълум қилди.

“Эрк” марказий кенгаши аъзоси Дилором Исҳоқованинг билдиришича, Ж.Қутлиевнинг ҳибсга олинишига партиянинг анча фаоллашгани сабаб бўлган бўлиши эҳтимол.

“Ҳозир бизнинг фаол бўлмай қўйган эски аъзоларимиз орқасидан ҳам юришибди, текширишяпти. Чунки уларда (ҳукумат вакилларида) бу одамларнинг қайта фаоллашишидан ҳадик бор”, - деди Д.Исҳоқова.

“Эрк” партияси Бухоро вилояти бўлими раиси Насрулло Саидов Ж.Қутлиевнинг ҳибсга олинишига у анча фаоллашгани сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Чунки унинг орқасидан анча вақтдан буён кузатиб юришган эди.
XS
SM
MD
LG