Линклар

“Туяқуш”нинг эгаси топилмади


Шайбон “Моҳият” газетасида “Фергана.ру” ахборот агентлиги мухбири Алексей Волосевичга уюштирилган ҳужумни шубҳа остига қўювчи “Туяқуш” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақола муаллифи Бахтиёр Абдураҳимов А.Волосевични “айни уйдирма ёрдамида” сиёсий қочқин мақомини олишга уринаётганликда айблайди.

Муаллиф номаълум беш шахснинг А.Волосевични енгил калтаклаб, қочиб қолишига шубҳа билдириб, агар зарурат туғилса, журналистнинг танобини тортишнинг бошқача усуллари ҳам топилишини, бунинг учун бўёқдан фойдаланиб ўтирилмаслигини айтади ва қуйидагича хулоса қилади: “Сезаётганингиздек, бу ашаддий “сиёсий мухолифат”га етказилган жароҳат бир ювиб ташласа, кетадиган даражада. Яъни етказилган зарар, ўзларини ўта жабрдийда қилиб кўрсатганлари билан, айтарли хавфли эмас”.

Б.Абдураҳимов А.Волосевич билан юз берган воқеани негадир ҳеч ким кўрмагани, қолаверса, подъездни “безай” туриб, ўсмирлар жилла қурса, негадир ҳиринг-ҳиринг қилмагани шубҳали эканини айтади ва фикрларини давом эттиради: “Юнусобод тумани ички ишлар бўлимидан хабар беришларича, А.Волосевич берган аризага кўра мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёни бошланган, тезкор гуруҳ аъзолари бириктирилган. “Агар безорилик фактлари тасдиқланса, айбдорлар тегишли жазосини олади”, дея уқтиришди ИИБдагилар. Шу ўринда “агар тасдиқланмасачи, бунинг уюштирилганлиги аниқроқ бўлиб қолсачи” деган бир ўйга боради одам. Унда бир нарса аниқ бўлиб қолади. А.Волосевичнинг ҳам, “Фергана.ру”дагиларнинг ҳам, уларнинг ҳомийлари ва ҳайбаракаллачи бўлмиш акахону опахонларнинг ҳам бу “ўхшовсиз сценарийлари” чиппакка чиқиб, юзларига Волосевич бетига чаплангандай ўчадиган эмас, бир умр ўчмайдиган, маъжозий маънодаги қора доғ қолади”.

“Озодлик” мухбири мақола муаллифи билан боғланиб, А.Волосевич воқеасига шубҳали қарашлари нимага асослангани ҳақида қизиқиб кўрмоқчи бўлди. Аммо “Моҳият” газетаси ходимлари Б.Абдураҳимовни танимаслиги, мақола қаёқдан ва ким олиб келганини фақат бош муҳаррир билишини айтди. Бош муҳаррир эса, маълум бўлишича, хизмат сафарида экан ва бунга ҳам анча бўлибди. Хуллас, “Туяқуш”нинг муаллифи топилмади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл бу воқеани “А.Волосевичнинг ўзи уюштирди дейиш уят” эканини таъкидлади.

“Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда журналистлар учун мутлақо чидаб бўлмас вазият юзага келди. Биз ҳаммаси шу билан кифояланса керак, деган ўйлагандик, аммо Волосевич воқеаси адашганимизни кўрсатди”, - деди А.Гилл.

Турли тахминлар билдирилаётганига қарамай, А.Волосевичнинг ўзи уюштирилган ҳужум Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари иши деб ҳисобламоқда.

А.Гилл ҳам А.Волосевич фикрига қўшилишини билдирди.

“Бир гап билан айтганда, у аслида ҳақиқий журналист номига мос услубда ишлайди. Шу боис, унга уюштирилган ҳужум шунчаки тасодиф эмас. Қолаверса, ҳужум қилганлар бунга ишора ҳам қилган”, - деди А.Гилл.

Таъкидлаш керак, МХХ жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Олимжон Тўрақулов ҳужум тафсилотлари ўрганилишини билдириб, ўзи ишлаётган ташкилотнинг унга алоқадорлигини инкор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 9 ноябрь куни номаълум беш кимса А.Волосевичга ҳужум қилиб, унинг устига буёқ чаплаганди. Бир гуруҳ ўсмирлар эса унинг уйи деворига журналист шаънига номақбул сўзлар ёзиб кетганди.
XS
SM
MD
LG