Линклар

logo-print

ЕИ Ўзбекистонга қарши майдонни кенгроқ оляпти

  • Замира Шукур

9 ноябрь куни Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини қораловчи резолюция лойиҳасини БМТ Бош ассамблеясининг 3-қўмитаси муҳокамасига тақдим этди.

Ислом Каримов ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини менсимаëтгани, 13 майдан бери инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларни таъқиб қилишни янада кучайтиргани, қолаверса, мамлакатда узоқ йиллардан бери сиëсий мухолифатга йўл бермай келаëтгани ЕИнинг шундай кескин резолюциясига сабаб бўлган.

БМТ ахборот саҳифасида айтилишича, ҳужжат оҳанги одатдаги резолюцияларникидан фарқли бўлиб, унда Ислом Каримов ҳукуматининг Андижон воқеалари ва улардан кейинги хатти-ҳаракатлари кескин қораланади ҳамда Тошкентдан бундай сиëсатга чек қўйиш жиддий талаб этилади.

Шу ўринда резолюция лойиҳаси нега айнан 3-қўмитага тақдим этилди, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

“Озодлик”нинг БМТдаги мухбири Роберт МакМаҳоннинг сўзларига кўра, 3-қўмита БМТдаги энг жиддий тузилмалардан бўлиб, унда ташкилотга аъзо 191 мамлакатнинг ўз вакиллари бор. Резолюция лойиҳаси қўмитага тақдим этилиши унинг қабул қилинганини англатмайди. Зотан, бу ердаги муҳокамалар жуда жиддий бўлиши мумкин ва манфаатлари турлича давлатларнинг кўпинча бир йўналишда овоз бериши қийин.

“3-қўмитада резолюцияларни самарасиз ҳисоблайдиган давлатлар ҳам бор. Учинчи дунë, қолаверса, мусулмон давлатлари одатда бундай резолюцияларга қарши овоз беради. Бошқа томондан эса Европа Иттифоқи ва Шарқий Европа давлатлари резолюцияларни инсон ҳуқуқлари вазиятига жиддий эътибор қаратиш воситаси санайди”, - дейди Р.МакМоҳан.

“Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, ЕИ резолюцияси лойиҳасини муҳокамага қўйишнинг ўзиëқ Каримов ҳукуматининг Андижон воқеаларига нисбатан халқаро норозилик вақт ўтиши билан ўлади, деган ишончига кучли зарба бўлди.

Аммо Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Жаҳонгир Маматов бундай ҳаракатлар самара бериши шубҳа остида эканини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири Р.МакМоҳаннинг билдиришича, қўмита аъзоларининг бирортасида вето қўйиш ваколати йўқ. Аммо айрим давлатлар муҳокамаларни тўхтатиш учун ҳаракат бошлаши ва резолюцияни йўққа чиқариши мумкин. Бундай ҳаракат одатда Хитойга хос. Эрон ва Туркманистон ҳам ўзларига тегишли резолюцияларни шу усул билан тўхтатмоқчи бўлган, аммо бунга эриша олмаган.

ЕИ резолюцияси лойиҳаси қўмита муҳокамасида кўпчилик овоз билан қабул қилинса, кейин Бош ассамблея мажлисига ҳавола этилади. Резолюция бу тузилмадан ҳам ўтиши осон бўлиши мумкин. Чунки Бош ассамблеяда ҳам қўмитага аъзо давлатлар вакиллари овоз беради.

Аммо, Б.МакМоҳаннинг билдиришича, на 3-қўмита, на Бош ассамблея резолюциялари мажбурий характерга эга эмас. Шунга қарамай, улар кўтарилган муаммога халқаро эътибор қаратиш ва жиддий ҳаракатлар бошлашга асос бўлади.
XS
SM
MD
LG